Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлигининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифига кўра, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университетида, унинг Нукус ва Термиз шаҳарларидаги филиалларида, Андижон қишлоқ хўжалиги институтида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади. 

Унда ҳар уч йилда камида бир маротаба ўтказиладиган Инспекция ходимлари, биринчи навбатда туман ва шаҳар инспекторлари, автомобиль йўллари, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё портидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт инспекторлари ўз билимини янада мустаҳкамлаши мумкин.

Бундан ташқари давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 март куни қабул қилинган «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Тошкент давлат аграр университетида ўсимликлар карантини ва ҳимояси кафедрасини ташкил этиш ҳам белгилаб қўйилди.

 

ЎзА