Тошкент шаҳридаги “Yulduz Cinema” кинотеатрида “Ипак йўлида туризм – Тошкент халқаро туризм ярмаркаси – 2022” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Мазкур фильмда Ўзбекистонда туризм соҳасининг ривожланиш тарихи, босқичлари, истиқлол йилларида сайёҳлик ривожининг тенденциялари, ислоҳотларнинг туризм бўйича хусусий сектор равнақига ижобий таъсири хусусида атрофлича сўз юритилади.

Фильмда Тошкент халқаро туризм ярмаркасини ташкил этишдаги машаққатли ва қизғин, ҳам ёрқин жараёнлар, эришилган ютуқлар, имзоланган шартномалар хусусида батафсил ҳикоя қилинади.

Тошкент халқаро туризм ярмаркаси 1995 йилдан буён Жаҳон туризм ташкилоти расмий кўмагида ўтказиб келинмоқда. Ушбу ярмарка ҳар йили бутун дунёдан туризм бизнеси мутахассисларини соҳалари бўйича тажриба алмашиш, ўз хизматлари ва маҳсулотларини тақдим этиш, мамлакатимизда кооператив тижорат фаолиятини йўлга қўйиш имкониятини яратиш  мақсадида ўтказилмоқда.

“Ипак йўлида туризм – Тошкент халқаро туризм ярмаркаси – 2022” фильми ярмаркани эндиликда янги босқичга олиб чиқиш, сайёҳликнинг истиқболларини кўрсатиб бериши билан аҳамиятлидир.

Айтиш керакки, “Тошкент халқаро туризм ярмаркаси – 2022”да ўттиздан ортиқ давлатдан 300 нафардан зиёд туризм соҳаси вакиллари иштирок этди. 7 мингдан ортиқ шартнома имзоланди. 20 мингдан зиёд музокаралар ўтказилди.

“Ипак йўлида туризм – Тошкент халқаро туризм ярмаркаси – 2023” тадбири жорий йил 15-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Мазкур халқаро тадбирни юқори савияда ташкил этиш учун барча тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Сайёҳлик салоҳиятимиз ҳақидаги фильм барчада катта таассурот қолдирди.

 

Назокат Усмонова,  

Даврон Эрназаров (суратлар),  

ЎзА