Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можаролар тобора ортиб бормоқда. Мана шундай оғир бир вазиятда Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган оқилона ташқи сиёсат натижасида дунё мамлакатлари билан ўзаро манфаатли, дўстона ҳамкорлик изчил давом этмоқда.
Сенат ялпи мажлисида ушбу масалага ҳам эътибор қаратилди. Сенат Раиси Т.Норбоева 2022 йилда парламентлараро алоқаларни жадаллаштириш орқали хорижий мамлакатлар билан дунёда тинчлик ва барқарорликни, олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлаш борасида фаол иш олиб борилганини қайд этди.
– Парламентлараро мулоқотлар учун Ўзбекистон қулай майдон вазифасини ўтаганини алоҳида таъкидлаш лозим, – деди Сенат Раиси. – Хусусан, Сенат томонидан еттита йирик халқаро тадбир ташкил этилди. Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Хотин-қизлар форуми, Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеясининг навбатдаги кузги сессияси пойтахт ва Самарқанд шаҳрида юқори савияда бўлиб ўтди.
Нафақат халқаро ҳамкорлик, балки мамлакатнинг халқаро майдонда тутган ўрнини яхшилаш юзасидан ҳам изчил ишлар амалга оширилди. Натижада мамлакатимиз учун устувор этиб белгиланган нуфузли 16 халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилди.
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан 13 йилдан бери (2009-2022 йиллар) Ўзбекистон пахтасига қўлланган халқаро бойкот бекор қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, Сенатнинг ушбу йўналишдаги ишлари халқ дипломатияси орқали халқаро алоқаларни ривожлантиришга ўз ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
Глобал муаммолар ечимида биргаликда ҳаракат қилиш миграция жараёнлари фаоллашган ҳозирги шароитда хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган юртдошларимиз манфаатлари ҳимоясини таъминлашда алоҳида ўрин тутмоқда. Энг муҳими, минтақалараро иқтисодий алоқалар ривожи, минтақавий тинчлик ва барқарорлик таъминланишига парламент вакиллари ўзига хос ҳисса қўшмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА