Хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ, жорий йилнинг 28 февралидан мамлакатимизда ёввойи ҳайвонлар ва қушларни овлаш мавсуми якунланди.

Ов қилишнинг ўзига хос талаблари бўлиб, ов қилишдан олдин фуқаролар Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмасининг аъзолигини олишлари, Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларидан ов қуролини рўйхатдан ўтказишлари ҳамда пневматик қурол учун тегишли рухсатнома олишлари лозим бўлади. Ушбу талаблар бажарилгандан сўнг ов қилиш ҳуқуқи берилади.

Табиат ресурслари вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқовнинг сўзларига кўра, ўтган 2022 йилда ов қоидаларини бузишга оид 1 минг 409 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда жарима ва табиатга етказилган зарар белгиланган. Қонуний чора кўриш юзасидан материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига киритилган. Шундан 36 та ҳолат бўйича жиноят иши очилган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ов қуролларининг тақиқланган турларидан ва ов қилишнинг тақиқланган усулларидан фойдаланиш, тақиқланган жойларда, тақиқланган мавсумларда ва муддатларда ов қилиш ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг тақиқланган турларини овлаш, тегишли гувоҳномасиз ов қуролини сақлаш ва олиб юриш мумкин эмас.

Қайд этилишича, Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси тизимига ерга эгалик ҳуқуқисиз жами 695 минг 525 гектар майдон ов қилиш мақсадида бириктирилган. Бирлашманинг жами аъзолари 41 минг нафар бўлиб, шундан 38 минг нафарини овчи фуқаролар, 3 минг нафарини балиқчилар ташкил этади. Бундан ташқари, республикада 4 млн. гектардан ортиқ 10 та ўрмон давлат ов хўжаликлари ҳамда 63,8 минг гектардан иборат 7 та хусусий ов хўжаликлари мавжуд. Ов қилиш муддати йилнинг маълум даврида бўлиб, бу давр мобайнида муайян турдаги ёввойи ҳайвонларни овлаш амалга оширилади.

Бугунги кунда Табиат ресурслари вазирлиги томонидан вазирлик тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ов қилиши ва ноқонуний ов жараёнларида иштирок этиши юзасидан ҳам қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида бўри ови билан боғлиқ жараёнда иштирок этган Табиат ресурслари вазирлиги Тошкент вилояти бошқармаси Оҳангарон шаҳар бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи раҳбар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА