Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Мажлис кун тартибига  11 масала киритилган бўлиб, шундан 8 таси қонунлардир. Улар орасида “Рақобат тўғрисида”, “Давлат божи тўғрисида”ги янги қонунлар бор.

Амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунлар нисбатан кўпроқни ташкил этади.

Жумладан, “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”, “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Сенатнинг 2022 йилдаги фаолияти ва 2023 йилга мўлжалланган устувор вазифалари кўриб чиқилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилади.

Ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида тезкор ва батафсил ЎзА сайтида таништириб борамиз.

 

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат)

ЎзА