Туркияда кеча содир бўлган зилзила оқибатида икки киши ҳалок бўлди, 69 киши жароҳатланди. 5,6 мангитудали зилзила эпимаркази уч ҳафта олдин кучли силкинишлардан жабр кўрган Малатья вилоятига тўғри келди, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.
Президент Режеп Таййип Эрдоған кеча Адияманда бўлиб, жабрланган ҳудудларга ёрдам бир неча кундан кейин кўрсатилгани учун узр сўради.
“Зилзиланинг вайрон қилувчи табиати, мураккаб об-ҳаво шароити ва мавжуд инфратузилманинг сезиларли даражада бузилиши туфайли бир бир неча кун Адияманда тўғри ҳаракат қила олмадик. Бунинг учун узр сўрайман”, деди етакчи.
Давлат раҳбари 6 февралда бошланган икки вайронкор зилзиладан сўнг шу кунгача мамлакатда ўн мингдан ортиқ ер силкиниши қайд этилганини маълум қилди.
Туркияда зилзила оқибатида жами 44 минг 374 киши вафот этди, 115 минг аҳолига ёрдам кўрсатилди, деди Эрдоған.
Табиий офат зонасида 185 минг 345та бино вайрон бўлган ёки жиддий шикастлангани маълум қилинди.
Жаҳон банки зилзилалар натижасида етказилган зарар 34 миллиард долларга баҳоланаётганини таъкидлади.
ЎзА