Пойтахтимизда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Иқлим ўзгариши шароитида Сирдарё ҳавзасида сув ресурсларини самарали тақсимлаш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш халқаро институтининг (IWMI) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Марказий Осиё давлатлараро сув ҳўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси илмий-ахборот маркази, Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Оролбуйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Семинарда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Марказий Осиё трансчегаравий дарёлари ҳавзасидан самарали сув тақсимоти» WE-ACT лойиҳасининг асосий вазифалари, устувор йўналишлари ва мақсадлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар ҳавзаларида сув тақсимоти учун иқлимга сезгир қарор қабул қилиш тизимини яратиш имконини беради.

Тадбир иштирокчилари Сирдарё, Норин ва Қорадарё сув ҳавзалари мисолида трансчегаравий дарёлар сув ҳавзаларида сув ресурсларини интеграциялашган бошқарувни ташкил этиш бўйича тўпланган тажриба билан таништирилди.

Қайд этилишича, сувни жамият ва иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ўртасида тақсимлаш, сув тарифларини тўғри белгилаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетикада сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тўғри қарорлар қабул қилиш зарур. Бироқ, ҳозирда иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва аҳоли сонининг ўсиши, шунингдек, Марказий Осиёнинг асосий трансчегаравий дарёлари ҳавзаларида гидрологик режимларнинг иқлим таъсирида ўзгариши туфайли бу тобора мураккаб вазифага айланиб бормоқда.

Семинар якунида келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА