Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон акушер-гинекологлар ассоциацияси билан ҳамкорликда илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
«Акушерлик ва гинекологик амалиётда тиббий ёрдамни стандартлаштиришга замонавий ёндашувлар» мавзуидаги ушбу тадбирда вазирлик ва марказ мутахассислари, соҳага алоқадор тиббиёт муассасалари ходимлари, халқаро экспертлар ҳамда ушбу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган олимлар иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э.Боситхонова таъкидлаганидек, ҳар қандай мамлакатнинг тиббиёт тизимини баҳолашда, энг аввало, оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати эътиборга олинади.
Бироқ тан олиш керак, юртимизда бир муддат ушбу соҳа бутунлай эътибордан четда қолиб кетди. Хусусан, бирламчи тизимда акушер-гинекология хизмати қисқартириб юборилди. Ваҳоланки, ўз вақтида туманлардаги «Аёллар маслаҳатхонаси» бўлимлари ҳомиладорларнинг бирламчи тизимдаги антенатал кузатувини тўлиқ амалга ошириш имконига эга эди.
Шу боис давлатимиз раҳбари бу масалага ўз вақтида эътибор қаратиб, 2017 йил «Аёллар маслаҳатхонаси»ни қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди. Қолаверса, 2022 йил 1 июлдан бошлаб тиббиёт бригадалари таркибига 3 минг 600 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб яна қўшимча 4 минг 900 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди.
Бундан ташқари, 2022–2025 йилларда 227 та туғуруқ комплекси, 46 та туманлараро перинатал марказни тўлиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш учун халқаро молия муассасаларининг грант ва кредит маблағлари жалб қилинади.
Конференцияда ушбу ўзгаришлар ҳақида сўз юритилар экан, бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида бир неча турдаги мураккаб фетал жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинаётгани, саратоннинг 12 турига ташхис қўйиш имконияти яратилгани алоҳида таъкидланди.
Анжуманда, шунингдек «Акушер-гинеколог қўлланмаси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Маҳорат дарслари форматидаги машғулотларда эса экстремал шароитларда тиббий ёрдам кўрсатишнинг клиник протоколлари ва алгоритмлари кўриб чиқилди.
ЎзА