Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Сурхондарё вилоятидаги “Термиз Карго Маркази” нинг халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабида бўлиб БМТнинг Ўзбекистон ва Афғонистондаги гуманитар агентликлари вакиллари билан учрашди.

Мулоқот чоғида БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги раҳбари Сяо-Вей Ли ва ЮНИСЕФнинг Афғонистондаги вакили Экуиз Лопез Франческо Хавьер билан Афғонистондаги бугунги ҳолат, афғон халқига беғараз ёрдам кўрсатиш, қўшма ҳамкорликни кенгайтириб, мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Сяо-Вей Ли ва Экуиз Лопез Франческо Хавьер Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва жафокаш афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишда Ўзбекистоннинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Томонлар афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр алмашди.

–Бу хаб Ўзбекистоннинг сиёсий иродаси ва инсонпарварлик муносабатлари билан нафақат Афғонистон балки, бошқа мамлакатларга ҳам тезкор ёрдам кўрсатиш имкониятини яратди, – дейди БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги вакили Сяо-Вей Ли. – Ўтган йили афғон халқига тарқатилган гуманитар ёрдам юкларимизнинг аксарияти озиқ-овқат маҳсулотлари бўлиб, Ўзбекистондан харид қилинди ва шу марказ орқали Афғонистонга жўнатилди.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг мамлакатимиз жанубидаги гуманитар логистика минтақавий маркази Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидан атиги 2 километр узоқда жойлашган. Барча замонавий шароитларга эга марказ БМТнинг минтақадаги захираларни зарур маҳсулот билан тез тўлдириш ва гуманитар ёрдам кўрсатишга қулай шароит яратди. Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаб мақоми берилган марказ Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдамни тизимли, марказлаштирилган ҳамда мақсадли етказишда муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили Ўзбекистон томони ҳам афғон халқига озиқ-овқат, кийим-кечак, кўмир ва бошқа зарур маҳсулотлардан иборат ўн минг тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам кўрсатди.

Учрашув доирасида ҳудудда “Термиз Карго Маркази” масъулияти чекланган жамияти ва БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури ташаббуси билан барпо этиладиган замонавий йирик омборхона қурилишига рамзий старт берилди. Афғонистонга Ўзбекистон кўмаги билан БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг ўнта махсус юк машинасида 310 тонна ун маҳсулоти жўнатилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири