Европа парламенти депутати, ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича доимий маърузачиси Илхан Кючюк бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Меҳмонлари турли вазирлик, идора ва олий таълим даргоҳларида учрашувлар ўтказяпти.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, мазкур олий ўқув юрти ректори Содиқ Сафоев билан кечган мулоқотда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабат янги сифат босқичига кўтарилгани, биргаликдаги саъй-ҳаракат ўзига хос хусусият касб этаётгани қайд этилди. Ўзаро алоқа нафақат ҳукуматлараро юқори даражада, балки нодавлат тузилмалари, фуқаролик жамияти институтлари, ишлаб чиқарувчилар ва бизнес гуруҳлари, илм-фан намояндалари доирасида ҳам изчил ривожланмоқда.
Томонлар турли соҳадаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболини, биринчи навбатда, парламентлараро алоқани фаоллаштириш масаласини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ЕИ билан томонларни қизиқтирган барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини мунтазам кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Муносабатлар яхшиланиши билан боғлиқ юқори ўсиш суръати мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар туфайли янада ижобий мазмун, моҳият касб этаётгани таъкидланди.
Тадбир давомида делегация аъзолари ЖИДУ талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан суҳбатлашди, турли саволларга жавоб қайтаришди, университетда ташкил этилган конференцияда ҳам қатнашдилар.
Анжуманда Евросиё ва Ўзбекистонда иқлим ўзгариши масаласига, мавжуд глобал экологик муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Бу муаммоларни юмшатиш ва бартараф этиш бўйича илғор тажриба ва методлар ўрганилди, мутахассислар фикри тингланди. Халқаро молия институти вакиллари, ЖИДУ талаба ва профессор ўқитувчилари, франциялик экспертларнинг онлайн, офлайн маърузалари тингланди.
Талабалар билан учрашувда иқлим ўзгариши муаммоси таҳлил қилинаркан, кўзланган асосий мақсадлардан бирига эришилди. Яъни, олимларнинг ҳозирги вазиятдан келиб чиқадиган иқлим ўзгариши хусусидаги фикрларини тинглаш, шунга асосан тавсиялар ишлаб чиқиш имкони пайдо бўлди.
– Франция ҳукуматига тегишли бўлган агентлигимиз фаолият йўналишларидан бири иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишдан иборат, – деди AFDнинг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Винсент Копен. – Биз, асосан, ортиқча газ ва атмосферадаги иссиқликни камайтиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштирамиз. Айни пайт Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларига улкан сармоя киритилмоқда. Бу углерод эмиссиясини камайтириш учун яхши энергия аралашмасига эга бўлиш имконини беради.
Гўзал Сатторова,
Даврон Эрназаров (сурат) ЎзА