Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибида 12 та ҳудудий филиал ҳамда 2 та ҳудудий корхона фаолият юритади. Улар томонидан 0,4-6-10-35-110 кВ кучланишли электр тармоқлари эксплуатацияси, шунингдек, уларнинг ривожланиши доирасида янги қурилиш, реконструкция, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, тегишли учта ташкилот электр энергияси истеъмолчиларига хизмат кўрсатади.
Хўш, ушбу ташкилот 2022 йилни қандай якунлади?
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев бу ҳақда ЎзА мухбирига интервью берди.
–Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги қарорига асосан ташкил этилган “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти электр энергиясини якуний истеъмолчиларга тақсимловчи ва сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаришни амалга ошириб келмоқда, – деди Ф.Нуралиев. – Ўтган йил сарҳисобига тўхталадиган бўлсак, жамият таркибий корхоналари тасарруфидаги 35-110 кВ кучланишли 1 минг 787 та подстанциядан чиқувчи 96 минг 17 дона трансформатор пункти ва 270,3 минг километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари орқали 390,3 минг юридик ҳамда 7,4 миллион маиший истеъмолчиларга 68 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб берилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 105,6 фоиздир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2022 йил тизим ташкилотлари учун синовли келди. Шунга қарамасдан, барча ишлар режа асосида олиб борилди. Хусусан, 2022/2023 йил куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 28 020,8 километр электр тармоқлари ва 9 минг 685 та трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, 35-110 кВ қувватга эга подстанцияларда 86 дона куч трансформатори ва 377 та ўчиргич мукаммал таъмирланди.
Юқоридаги саъй-ҳаракатлар самарасида ҳудудларда 3,5 мингдан ортиқ маҳалла ва қишлоқларда қарийб 3,7 миллионта аҳоли истеъмолчилари ва 210 минг тадбиркорлик субъектининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.
Жамият томонидан 2022 йил давомида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, рақамлаштириш ва зарур электр қурилмаларини маҳаллийлаштириш бўйича ҳам кенг кўламли амалий ишлар бажарилди. Бунда Президентимизнинг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини тасдиқлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини бошқаришнинг янги ёндашув ва механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди.
Қарорга мувофиқ, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2022 йил учун 5 та йирик инвестицион лойиҳа доирасида 84,14 миллион доллар, жумладан, “Иштихон” подстанциясидан “Горнорудная-2” подстанциясигача 110 кВли иккинчи электр узатиш тармоғини қуриш лойиҳаси доирасида (НКМК дастури) 0,22 миллион доллар, Самарқанд шаҳри ташқи электр таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида 8 миллион доллар, республика бўйича 0,4-6-10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш лойиҳаси доирасида 43,8 миллион доллар, мавжуд 35-110 кВ электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилиш лойиҳаси доирасида 15,8 миллион доллар ва жамиятда янги биллинг тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш лойиҳаси доирасида 13 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, жамият томонидан амалга оширилаётган қўшимча лойиҳалар, хусусан, ЭИЗ ва КСЗларни ташқи электр энергияси билан таъминлаш учун 13,3 миллион доллар миқдорида ўз маблағлари сарф қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 9 минг 259 та маҳалла хатловдан ўтказилиб, муаммо аниқланган 1 минг 71 та “олис” ва “оғир” тоифадаги маҳаллада умумий узунлиги 5 125,6 километр электр узатиш тармоғи ва 1 минг 63 трансформатор пункти янгиланди.
Трансформация ишлари ва молиявий соғломлаштириш саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, 2022 йилда “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг халқаро индикатив рейтинги “ББ-” “Барқарор” даражада баҳоланди. Бу рейтинг ташкилотимизни жаҳоннинг инвестиция бозорида аниқ бизнес стратегияси, шаффоф молиявий ҳолати ва кучли корпоратив бошқарув тизимига эга корхона сифатида танитишга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди