Нукус шаҳридаги марказий майдонда ҳудуддаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўташга киришган аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ, Нукус шаҳар ҳокимлиги ходимлари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийларнинг ота-оналари, ёшлар иштирок этди.
Бугунги кунда миллий армиямиз ўзининг моддий-техник томондан мустаҳкамлиги, ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлиги, тезкорлиги, ҳозирги замон талабига жавоб бера олиши билан ривожланган мамлакатлар билан тенглаша олади. Ҳарбийларимиз ўзининг тафаккури ва жисмоний тайёргарлиги, билими, замонавий техника воситаларини пухта ўзлаштиргани билан ажралиб туради.
Армиямизда халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти ва ор-номуси учун жонини фидо этишга тайёр бўлган ёшлар сафи кенгаймоқда. Қуролли Кучларимизда бўлаётган таркибий ўзгаришлар аскарлик салоҳиятини ошириш билан бирга, армия ва халқ бирлигини таъминлаш бўйича янги даврни бошлаб берди.
Тадбирда жорий йил миллий армиямиз сафларига қўшилган ёш ҳарбийларнинг сафда юриш тайёргарлиги, қўл жангида ўзлаштирган кўникмаси бўйича кўргазмали чиқишлари, санъат усталари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари М.Ерниёзов сўзга чиқди.