Ядро қуролларини йўқ қилиш бўйича халқаро компания (ICAN) Россияни Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш шартномасига (СҲҚШ) тўлиқ амал қилишга чақирди.

Маълумки, куни кеча Россия Президенти Владимир Путин мамлакатнинг ушбу шартномада иштирокини тўхтатишини эълон қилди. ICAN ташкилоти ушбу қарорга хавфли, деб таъриф бермоқда.

«Россия зудлик билан шартномага амал қилишга қайтиши керак ва жанговар каллакларни чеклашда давом этиши лозим», – дейилади мазкур халқаро ташкилотнинг ижтимоий тармоқда тарқатган хабарида.

ICAN бундан атиги 16 йил аввал Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ташкил этилган нисбатан ёш ташкилот бўлиб, ядровий қуролсизланиш бўйича халқаро миқёсда ҳаракат олиб боради.

Ушбу ҳаракатни сайёрамиздаги кўплаб сиёсий ва жамоат арбоблари қўллаб-қувватлаган. 2017 йилда ўзининг саъй-ҳаракатлари учун ташкилот Халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлди.