Сайёрамиз бўйлаб давом этаётган табиий ва инсоний инқироз, жумладан, Туркия ва Суриядаги зилзила, Россия-Украина ўртасидаги низо асносида “Тинчлик журналистикаси бўйича I Халқаро HWPL семинари” онлайн тарзда ташкил этилди.
29 мамлакатдан 150 га яқин киши иштирок этган “Барқарор ривожланиш учун институционал тинчликка йўл” мавзусидаги семинар тинчлик журналистикаси ва халқаро медиа тармоғини мустаҳкамлашга қаратилди. Тадбир “Юксак маданият, бутун дунёда тинчлик ва зиё тарқатиш” (HWPL) тинчликпарвар халқаро нодавлат ташкилоти томонидан дунёнинг етакчи 28 оммавий ахборот воситаси кўмагида ташкил этилди.
Жанубий Кореяда жойлашган ва БМТ Глобал коммуникация департаменти ва ЭКОСОСда рўйхатдан ўтган HWPL 2013 йил ташкил этилгандан буён дунё тинчлиги ва урушга чек қўйиш мақсадидаги глобал ҳаракатга етакчилик қилиб келмоқда. Семинарда мазкур тузилма ва халқаро журналистлар томонидан биргаликда ишлаб чиқилган, уларнинг тажрибаси ва оламга нисбатан қарашини акс эттирувчи «Тинчлик журналистикаси тадқиқоти» тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Изланиш мавзулари зиддиятли вазиятларни ва тинчлик ўрнатиш саъй-ҳаракатини мамлакатлар мисоли орқали таҳлил қилишдан тортиб, тинчликни тарғиб қилиш орқали ижтимоий ўзгариш амалга оширишда фуқаролик жамиятининг ролигача қамраб олган.
Семинарда сўзга чиққанлар дунёга севги ва адолат муждасини ёйишда журналистлар муҳим рол ўйнаши, демократия, инсон ҳуқуқи ва яхши бошқарувни тарғиб қиладиган глобал медиа-тармоқни илгари сураётганига ишонч ҳосил қилиши кераклигини таъкидлашди. Бу жараёнда дунёни ҳамкорликни мустаҳкамлаб, тўғри маълумот тарқатиб, изчил алоқа ўрнатиш йўли билан бирлаштириш мумкин.
“HWPL” тинчлик элчилари ўз чиқишида халқлар аро тинчлик нафақат БМТ, балки ҳар бир мамлакатнинг иши бўлиши лозимлигини айтиб ўтишди. Фуқаролик жамиятида демократия, очиқлик ва эркинлик ҳукм суриши, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш даражаси, шунингдек тинчлик ва дунёвий маданиятни шакллантириш ҳар қандай мамлакатда барқарор тинчликни ривожлантириш учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ушбу тамойил Тинчлик ўрнатиш ва урушга барҳам бериш декларацияси (DPCW)нинг 10 та асосий моддасида аниқ қайд этилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига “DPCW” асосида янги тинчлик конвенцияси керак, дейди маърузачилар.
Мазкур декларация “HWPL” халқаро ҳуқуқ бўйича тинчлик қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган халқаро қонун лойиҳасидир. Лойиҳада 15 га яқин мамлакатдан халқаро ҳуқуқ бўйича эксперт иштирок этмоқда. “DPCW” 10 модда ва 38 бўлимдан иборат бўлиб, глобал ҳамжамиятда низоларнинг олдини олиш, муаммоларни тинч йўл билан бартараф қилиш ҳамда тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича тамойил, чора-тадбирларни мужассам этган.
“HWPL” жамоатчилик билан алоқалар департаменти бош менежери Янг Сон таъкидлашича, мазкур анжуман барчани ОАВнинг тинчлик элчиси сифатидаги ролини оширишга ҳисса қўшишга чақиради. Глобал оммавий ахборот воситаларининг тинч тармоғини мустаҳкамлаш зарурлигини инобатга олиб, “HWPL” тинчлик журналистикаси бўйича тадқиқотларни нашр этиш, тинчлик журналистикани мустаҳкамлашда журналистлар ролини ошириш, муаммо ечимини муҳокама қилиш, фикр алмашиш мумкин бўлган мунтазам тадбирлар ўтказишни кўзлаган.
С.Раҳимов, ЎзА