Ҳар йили 21 февраль санаси дунёнинг кўплаб мамлакатларида Халқаро гидлар куни (International Tourist Guide Day) сифатида кенг нишонланади. Ушбу байрам Жаҳон гидлар уюшмалари федерацияси (WFTGA) томонидан таъсис этилган бўлиб, федерацияга 1985 йил Биринчи халқаро гидлар конвенцияси доирасида асос солинган. Бугунга кунда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан 2 миллиондан зиёд киши унинг аъзоси ҳисобланади. Халқаро гидлар куни байрами 1990 йилдан буён нишонланиб келинади.
Пойтахтимизда ушбу санага бағишлаб VI Ўзбекистон Гидлар форуми ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Маданий мерос объектлари муаммоларини ўрганиш ва туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилган форум “Экскурсия фаолияти: ҳамкорлик ва инновациялар” мавзусига бағишланди.
Форумда Маданият ва туризм вазирлиги, Жаҳон гидлар уюшмалари федерацияси президенти Алушка Ритчи, Ҳиндистон туристик гидлар федерацияси президенти Нарендра Сингх Ратхур ва бошқа соҳа мутахассислари иштирок этди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Гидлар форуми 250 дан ортиқ иштирокчи учрашадиган жонли платформа бўлиб хизмат қилди.
Форумда иштирокчилар республика иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризм ва меҳмондўстлик соҳасини янада ривожлантириш, профессионал гидлар ҳамжамиятини кўп тармоқли ва сифатли шакллантириш ва бошқа долзарб масалалар бўйича фикр алмашди.
Шунингдек, форум доирасида “Китоб билан саёҳат” китоб ярмаркаси ташкил этилиб, унда иштирокчилар турли йўналишлар (тарих, археология, диншунослик, ихтисослаштирилган мавзулар ва бошқалар) бўйича бир қанча китоблар билан танишиш имконига эга бўлди.
Бу ҳам профессионал гидлар, ҳам туризм индустрияси мутахассисларида қизиқиш уйғотиши, улар учун фойдали бўлиши табиий. Ярмарка давомида етакчи миллий нашриётлар ва илмий-тадқиқот институтларининг янгиликлари, экскурсия оммаси учун махсус жиҳозлар нусхалари ва бошқалар намойиш этилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА