Мамлакатимизда экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида маҳсулотларимиз экспорт географияси ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.

ПМТИ таҳлилига кўра, 2017-2022 йиллар мобайнида юртимизнинг экспорт географияси 16 та мамлакатга кенгайиб, бугунги кунда маҳсулотларимиз 117 та давлатга етказиб берилаётир. Хусусан, Перу (3 965,9 минг АҚШ доллари), Албания (3 196,3 минг АҚШ доллари), Шимолий Македония (1 454,7 минг АҚШ доллари), Сенегал (311,7 минг АҚШ доллари), Маврикий (303,1 минг АҚШ доллари) каби мамлакатларга ҳам маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди. Товар номенклатурасида 2017 йилдаги 179 хил маҳсулот тури 2022 йилга келиб 200 дан ошган.

Кейинги пайтда пахта толаси экспортидан воз кечилиб, унинг ўрнига пахтадан тайёрланган қўшилган қиймати юқори товарлар экспорти йўлга қўйилди. Жумладан, умумий қиймати 1 613,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган пахтадан йигирилган ип, 644,9 миллион долларлик тайёр трикотаж ва тўқимачилик маҳсулотлари, 242,8 миллион долларлик нақшли мато, 131,6 миллион долларлик газламалар, 78,1 миллион долларлик ипак ва ипак маҳсулотлари, 42,1 миллион долларлик гилам маҳсулотлари экспорт қилинди.

Шунингдек, маиший техника воситаларидан чангютгич, кир ювиш машинаси, газ плитаси, телевизор каби товарлар Қозоғистон, Россия, Украина, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Туркия, Молдова, Туркманистон каби давлатларга етказиб берилмоқда.

ЎзА