Миср оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга расмий ташрифини кенг шарҳлаяпти. Мамлакатдаги етакчи кундалик нашрлардан бири – “Ал-Жумҳурия” газетаси саҳифасида чоп этилган Муҳаммад Талъат қаламига мансуб “Тошкентдан Қоҳирага” сарлавҳали мақолада Ўзбекистон-Миср саммити доирасида Президент Абдулфаттоҳ Ас-Сиси билан музокаранинг иккинчи давраси бўлиб ўтиши қаламга олинган. Қайд этилганидек, Ас-Сисининг 2018 йилдаги Ўзбекистонга ташрифидан буён ўзаро муносабат янги босқичга кўтарилиб, изчил ривожланиб бормоқда.
Мақолада ўзбек халқи Мисрнинг маданий-тарихий меросига, ушбу мамлакатнинг минтақавий ва халқаро майдонда тутган ўрнига катта ҳурмат билан ёндашиши алоҳида таъкидланган.
– Халқларимизни кўп асрлик тарихий, маданий ва диний ришта боғлаб туради, – деб ёзади нашр. – Ўзбекистон ҳудудида туғилиб, вояга етган буюк алломалар Мисрда яшаб, илм-фаннинг турли соҳаларида жаҳон аҳамиятига молик кашфиётлар қилган. Аҳмад Ал-Фарғоний томонидан 861 йил Нил дарёси сув сатҳини ўлчайдиган иншоот “Миқёси Нил”, Сайфиддин Ўзбек Ал-Юсуфий томонидан Қоҳирада барпо этилган “Ўзбек боғи” ўзаро боғлиқликнинг ёрқин намунасидир.
Материалда ёзилишича, Ўзбекистон учун Миср Африка бозорига, Ўзбекистон эса Миср учун Марказий Осиё бозорига кириш эшигидир.
– Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси бошчилигида Миср улкан ютуқларни қўлга киритган бўлса, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, улкан муваффақиятларга эришилмоқда, – дейди муаллиф Муҳаммад Талъат. – Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни бунёд этаётган бўлса, Абдулфаттоҳ Ас-Сиси Янги Республикани яратмоқда. Муносабатимиз ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган.
Журналист Фотима Бадавий ёзган, “Ал-Хабар Ал-Яум” ахборот агентлиги сайтида жойлаштирилган махсус таҳлилий мақола сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистон ташқи сиёсатида юз берган туб ўзгаришлар ҳақида маълумот беради.
– Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ёрқин воқеалардан бири – Марказий Осиё давлатлари билан муносабат янада жадаллашгани минтақадаги умумий сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар муҳитга ижобий таъсир кўрсатди, – деб ёзади муаллиф. – Ўзбекистон ташаббуси билан кейинги йилларда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан кўплаб олий даражадаги икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Мулоқотлар натижаси ўлароқ, 2016 йилгача мавжуд бўлган энг мураккаб муаммолар, биринчи навбатда давлат чегарасини демаркация қилиш, трансчегаравий сувдан фойдаланиш каби масалаларни ҳал этиш имкони пайдо бўлди.
Мақолада урғуланганидек, сўнгги даврда Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик жадал тус олди. Товар айирбошлашни АҚШ доллари ҳисобида Қозоғистон билан 10 миллиард, Қирғизистон билан 2 миллиард, Тожикистон ва Туркманистон билан эса 1 миллиардга етказиш режаси минтақада фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлигидан далолат.
Мисрнинг етакчи босма нашрларидан яна бири – “Сада Ал-Балад” газетаси интернет тармоғида жойлаштирилган мақола Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик соҳасидаги ислоҳотларига бағишланган. Муаллиф мамлакатимизда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат, элат вакиллари 16 конфессияни ташкил қилишини, уларнинг бари ўз миллий урф-одати, анъанаси ва маданиятини авайлаб-асраш, ривожлантириш имконига эга эканини, жамият жипслиги замирида Ўзбекистон ҳудудида яшовчи халқлар маданиятининг уйғунлиги мужассамлигини ёзади.
Газета саҳифасида чоп этилган материалда эса Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий, Термизда Имом Термизий номли Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Турли ҳудудларда калом, ҳадис, ислом ҳуқуқи, илоҳиёт ва тасаввуф илмини ўрганишга ихтисослаштирилган илмий мактаблар очилгани ҳам қаламга олинган.
– Бундан ташқари мамлакатда насронийлар маркази, христиан-баптистлар черковлари иттифоқи ва бошқа диний ташкилотлар ҳам фаолият кўрсатмоқда, – деб ёзади манба.
Миср газетасида Ўзбекистонда қатор диний таълим муассасалари фаолият кўрсатаётганини ҳам маълум қилинар экан, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Тошкент православ диний семинарияси ва бошқа муассасалар санаб ўтилган. Мақола интиҳосида “Ушбу муассасалар илм-фан ва ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган аждодларнинг бой маънавий меросини ўрганишни юксалтириш, таълим тизимини модернизация қилиш, диний эътиқод ва виждон эркинлиги, бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарғибот-ташвиқот ишларини юксалтириш ҳамда барқарорликни таъминлашга қаратилган”и қайд этилади.
Умуман, сўнгги кунларда Миср ОАВда эълон қилинаётган Ўзбекистон Президенти ташрифига бағишланган туркум таҳлилий материалларда бўлажак Ўзбекистон-Миср олий даражадаги саммити икки томонлама муносабатда янги саҳифа очиши, халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатига хизмат қилиши алоҳида таъкидланмоқда.
ЎзА