Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг фаолияти хусусида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ахборот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова қуйидагиларни гапириб берди.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси саъй-ҳаракатлари натижасида корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларининг 105 минг 777 тасига, яъни 94,6 фоизига ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан аввал, албатта касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби киритилишига эришилган. Бунинг натижасида ходимларни ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.
Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда меҳнаткашлар учун асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Натижада ҳар йили Жамоа шартномалари орқали 2 миллион 929 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 миллион 900 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат инспекцияси томонидан ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши, ходимлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, меҳнат муносабатларини яхшилашга оид таклифлар ва чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир профилактика ишларини ўтказиш йўналишларида самарали фаолият олиб борилмоқда.
Хусусан, 2022 йилда касаба уюшмаларининг Меҳнат инспекцияси томонидан 77 минг 408 нафар касаба уюшма аъзосининг қонуний ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 53 миллиард 963 миллион 107 минг сўм зарар пуллари ундириб берилди.
Шу жумладан, 2022 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси томонидан 1 минг 340 та корхона, ташкилот ва муассасада ўтказилган жамоатчилик назорати тартибидаги ўрганишлар жараёнида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилиши бўйича 8 минг 133 та ҳолат аниқланди.
Уларни бартараф этиш мақсадида иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотларига 771 та кўрсатма киритилиб, музокаралар олиб борилди. Натижада 7 минг 612 та камчилик бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, ходимларга 21 миллиард сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик ва маънавий зарар пуллари ундириб берилди.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ташкилотлари ҳамда сув таъминоти ва канализация объектларида, шунингдек, қурилиш тармоғидаги ташкилотларда техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши бўйича касаба уюшмалари инспекцияси томонидан амалга оширилган жамоатчилик назорати натижасида 1 минг 43 та камчилик аниқланди. Натижада 958 та камчилик бартараф этилди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилиши, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилганда аниқланган 245 та камчиликнинг 173 таси бартараф этилди.
Иш берувчилар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилмаслиги юзасидан меҳнаткашлардан келган 2 минг 935 та мурожаат кўриб чиқилиши натижасида 22 минг 898 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланди ва улар фойдасига 15 миллиард 222 миллион 500 минг сўм маблағ ундириб берилди.
Касаба уюшмалари Меҳнат инспекциясига бахтсиз ҳодиса туфайли жабрланувчига етказилган зарар пулини ундириш бўйича келиб тушган жами 84 та мурожаат бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида иш берувчиларга кўрсатмалар, судларга даъво аризалари киритилди. Бунинг натижасида 57 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига 1 миллиард 987 миллион 500 минг сўмдан ортиқ зарар тўловлари ундириб берилди.
Ходимларнинг поймол этилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб касаба уюшмалари Меҳнат инспекцияси томонидан иш берувчиларга киритилган Тақдимномалар ва судларга киритилган даъво аризалари орқали эса 160 дан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилиб, минглаб ходимларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 16 минг 505 нафар касаба уюшма аъзосининг ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқлари тикланди ва меҳнаткашлар, яъни касаба уюшма аъзолари фойдасига 11 миллиард 794 миллион сўмдан зиёд зарар пуллари ундириб берилди.
ЎзА