Қашқадарё вилоятида 2022 йилда ижтимоий соҳа объектларини қуриш учун 316 та ер майдони ажратилган.
Қонунчиликка кўра, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорига мувофиқ давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Маълумот учун ер участкаси ажратиш бўйича материаллар Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан тайёрланади. Ўтган йилда Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармасига 253 та мурожаатлар келиб тушган.
Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ер участкалари сув иншоотлари қуриш учун ажратилган бўлиб, ер участкалари сони 68 тани, ажратилган ер майдони 30,59 гектарни ташкил этади. Шунингдек, МТТ биноси қуриш учун 39 та, яъни 18,37 гектар, маҳалла биноси қуриш учун 101 та, яъни 4,62 гектар, ИИБ инспекторларига уй-жой қуриш учун 31 та, яъни 1,7 гектар ер майдони ажратилган.
Бундан ташқари, вилоятда Янги Ўзбекистон массиви, мактаб биноси, хизмат уйлари, ҚВП биноси, кутубхона, ёшлар технопарки, кичик саноат зоналарини қуриш ва бошқа давлат эҳтиёжлари учун ер майдонлари ажратилган. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, давлат эҳтиёжлари учун майдони жиҳатидан энг кўп ер участкалари Қарши шаҳри, Кўкдала ва Шаҳрисабз туманларида ажратилган.
Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан давлат эҳтиёжлари учун ажратилаётган ер майдонларини танлаш ва топосёмка ишлари олиб борилиб, уларнинг чегаралари белгиланган.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.