Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида жамиятда ҳар қандай радикаллашув, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланиш, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўйилмаслик масаласига эътибор қаратилган.
Бунинг учун барча биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб борилиши, бу борада алоҳида Миллий дастур қабул қилиниши зарурлиги қайд этилди.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Инсонпарвар маърифатли жамият асосларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари: амалиёт ва истиқбол” мавзусида ташкил этилган илмий-назарий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.
Ёшлар онгини радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби бузғунчи ёт ғоялардан ҳимоя қилиш масаласини илмий жиҳатдан муҳокама этиш ҳамда маърифатли жамият асосларини такомиллаштиришга доир таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш муҳокама этилди.
Конференцияда ёшлар ва рақамли дунё: имкониятлар ва таҳдидлар, ижтимоий-маънавий муҳитни баҳолаш, қадриятлар ва диний ёндашувлар, динийлик ва дунёвийлик – педагогика ёхуд педология, диний экстремизм таҳдиди, радикал ғояларга қарши курашнинг долзарб масалалари каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар тарзида ўтган тадбирда инсонпарвар маърифатли жамият асосларини такомиллаштириш, маънавий-маърифий ишларни янада ривожлантириш юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Шулар асосида тавсиялар қабул қилиниб, унда қайд этилган таклифлар жамиятнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган Миллий дастур лойиҳасига тақдим этиладиган бўлди.
Н.Абдураимова,
ЎзА