Шу кунларда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги Ўзбекистон ишчи гуруҳи Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турибди. Ташрифнинг биринчи куни доирасида ушбу мамлакатнинг Иқтисодиёт ҳамда Энергетика ва инфратузилма вазирликлари раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.

Иқтисодиёт вазири Абдулла бин Тук Ал-Маррий билан кечган мулоқотда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ долзарб масалалар, қўшма лойиҳалар амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

Музокара чоғида БАА хусусий компаниялари Ўзбекистон бозорига киришга қизиқаётгани қайд этилди. Кимё, кон-металлургия ва тўқимачилик саноати энг истиқболли йўналишлар сифатида тилга олинди.

Туризм, кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган компанияларнинг давлат улушини сотиб олишини назарда тутган ҳолда, БАА компанияларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган хусусийлаштириш жараёнида иштирок этиш имконияти кўриб чиқилди.

Жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-БАА Ҳукуматлараро комиссияси 5-йиғилиши ҳамда қўшма бизнес-форум ташкил этиш масаласи келишиб олинди.

Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад Ал-Мазруий билан учрашувда энергетика соҳаси ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ҳамкор томон Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги алоқалар самарали ва муваффақиятли шерикликнинг амалий намунаси эканини таъкидлади.

Музокаралар аниқ инвестиция лойиҳалари тақдимотини ўтказиш, ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган навбатдаги тадбирларни белгилаш имконини берди.

 

ЎзА