Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бўлинмалари маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига ўтказилаётгани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан вазирлик расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ҳокимликлар масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларини маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига ўтказиш қайд этилган.

Ушбу ҳужжат лойиҳасини тегишли вазирлик ва давлат идоралар билан келишиш учун Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими —  project.gov.uzга жойлаштирилган.

Ушбу норматив-ҳужжат ҳозирда лойиҳа бўлиб, расмий кучга эга эмас. Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан фармон лойиҳасидаги тегишли бандлар бўйича эътироз билдирилиб, Адлия вазирлиги билан музокаралар ўтказилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларини маҳаллий ҳокимликлар тузилмасига ўтказилаётгани бўйича соҳа ходимлари ва кенг жамоатчилик вакилларининг хавотирига ўрин йўқлигини маълум қиламиз, дейилади муносабатда.

 

ЎзА