Туркия Президентининг ёрдамчиси Фуат Октай Фавқулодда вазиятлар департаментида ўтказган брифингда зилзила қурбонлари сони 24 минг 617 кишига етганини маълум қилди.

Шу кунларда офат минтақасида 32 минг 71 қидирув-қутқарув гуруҳлари тинимсиз фаолият кўрсатаётганликларини таъкидлади. Қидирув ишида «К9» кучуклари ва замонавий барча технологиялар ишга солинган. Бундан ташқари, 26 та денгиз кемаси, 70 та самолёт, 114 вертолёт ва бошқа техника қутқарув гуруҳларининг хизматида.

Қаҳрамонмарашда содир бўлган зилзиладан 140 соат ўтгач, 27 ёшлик Муҳаммад Ҳабиб, Хатайда 137 соатдан кейин 6 ёшли бола  қутқарилди.

Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазири Мурат Курумнинг маълумотига кўра, зилзила рўй берган 10 минтақадаги 171 минг 882 бинонинг мустаҳкамлигини аниқлаштириш-текширув ишлари ўтказилди. Унинг натижасида салкам 25 минг уй-жой, иншоот биноларининг қулаб тушишга мойиллиги ёки катта зарар кўргани аниқланганини билдирди.

Ўнта вилоятда зилзила оқибатида қулаган бинолар қурилишида масъул бўлган 131 гумондордан бири қўлга олинган, яна юзлаб муҳандисларни қамоққа олиш қарори чиқарилган, деди Октай.

 

ЎзА