Туркияда 20 мингдан зиёд одамнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган кучли зилзиладан кейин ҳам икки мингдан ортиқ қайта тебранишлар кузатилди ва у ҳали ҳам давом этмоқда, деди фавқулодда вазиятлар бошқармасининг таҳдидларни бартараф қилиш бўлими бош директори (AFAD) Орхан Татар.

«Шу кунгача 2 мингдан зиёд қайта тебранишлар кузатилди ва у ҳамон давом этмоқда. Тебранишларнинг асосий қисми 4 магнитудадан юқори бўлмоқда», – деди у шанба куни бўлиб ўтган брифингда.

У, шунингдек, юз берган зилзиланинг кучи 500 та атом бомбанинг портлашига тенг бўлганини таъкидлади.

«Биз ўзимиз ўйлагандан ҳам кучлироқ ҳалокатга дуч келдик. 6 февралда рўй берган иккита ер қимирлашини таҳлил қилмоқдамиз.Биринчисининг давомийлиги 65 сонияни ташкил этди. Иккинчиси 45 сония давом этган», – деган О.Татар.

Татарнинг сўзларига кўра, ер тахминан икки дақиқа силкиниб турган.

Habertürk телеканалининг маълум қилишича,  Туркиянинг Шонлиурфа вилоятида саккиз киши ҳибсга олинган. Улар вайрон бўлган биноларнинг қурилишида йўл қўйилган камчиликларга алоқадор, дейилади хабарда.