Адлия вазирлигида адлия органлари ва муассасалари томонидан 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар натижаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов бошқарган мажлисда вазирлик ташаббуси билан 213 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилгани қайд этилди. 2 минг 225 қонун ҳужжати лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. 263 идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.
Адлия идораларига 142,7 мингта мурожаат келиб тушди. Уларни 123,1 мингтаси, яъни 86,2 фоизи қонуний ҳал қилиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 22 фоизга ортган.
Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 55 минг 984 тақдимнома киритилди. Натижада 12 минг нафардан зиёд шахс маъмурий, 24,5 мингдан зиёд шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Шундан 682 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Судларга 438,1 миллиард сўмлик 30 мингдан ортиқ даъво аризалари киритилиб, шундан 395,1 миллиард сўми қаноатлантирилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 440 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари томонидан эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўп, яъни 11,6 миллиондан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.
Ҳудудий адлия органлари фаолиятининг самарадорлиги баҳоланиб, баҳолаш натижаларига кўра Сурхондарё ва Бухоро вилояти адлия бошқармалари юқори самарадорлик кўрсаткичларни қайд этди.
Самарадорлиги юқори бўлмаган ҳудудий адлия органлари фаолияти танқид қилинди, фаолиятини янада жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА