Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилги туман ва шаҳар бюджетларида «Ташаббусли бюджет» учун жами 2 триллион сўм маблағ ажратилади. Қайд этилишича, «Ташаббусли бюджет»нинг биринчи мавсумига 1 триллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2023 йил бошига маҳаллий бюджетларда шаклланган эркин қолдиқ маблағларининг 30 фоизи маҳаллий ҳокимликлар томонидан Фуқаролар ташаббуси жамғармасига йўналтирилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, биринчи мавсум учун Фуқаролар ташаббуси жамғармаларида жами 1,7 триллион сўм маблағ шаклланиши ва ушбу маблағларнинг овоз бериш жараёни бошлангунига қадар Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Жорий йил 9 февраль ҳолатида Фуқаролар ташаббуси жамғармаларида 899 миллиард сўм маблағ шаклланган. Умуман олганда жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун 2023 йилда бюджетдан жами 8 триллион сўм маблағ йўналтириш мўлжалланган. Шундан, 2 триллион сўм “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида, 320 миллиард сўм “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларида, 4 триллион сўм “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш учун режалаштирилган.
«Ташаббусли бюджет»да фуқаролар инфратузилма, йўл, мактаб ва бошқа объектларни яхшилаш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этиши мумкин. Таклифлар 26 февралгача қабул қилинади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА