Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан жойларда адабий-бадиий кечалар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, улуғ мутафаккирнинг ижоди ва ҳаётига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Нукус гарнизони маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёзувчи-шоирлар,  ўқитувчилар, куч тузилмаларининг муддатли ҳарбий хизматчилари, Ибрайим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган ижод мактаби, Ички Ишлар вазирлигига қарашли академик лицей ва “Темурбеклар мактаби” ҳамда 44-сонли умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқувчи-ёшлари иштирок этди.

Учрашувда муддатли ҳарбий хизматчилар ва ўқувчи-ёшлардан иборат жамоалар ўртасида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди юзасидан заковат интеллектуал ўйини ташкил этилди. Ғолиблар ҳамда фаол иштирокчилар ҳарбий округ қўмондонлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ижодкорлари ва ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, ғазалхонлик, куй ва қўшиқлар тадбирга лирик кайфият улашди.

ЎзА