“Ўзйўлинспекция” ахборот хизмати раҳбари Комилжон Шамсиддинов “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилган ва таъмирланган йўллар сифатини назорат қилиш борасидаги ишлар юзасидан қуйидагиларни гапириб берди:

– 2022 йил давомида “Ўзйўлинспекция” томонидан назорат қилиш режасига киритилган 316 та “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига киритилган объектларнинг барчасида назорат ишлари ўтказилди. Назорат натижасида мазкур объектларда 547 та қоидабузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, йўлларни сақловчи ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимларига 301 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. Барча қоидабузилишлар ўз муддатида бартараф этилди.

20 ҳолат бўйича 257,63 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлар ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилди. 3 та ҳолатда қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши тўғрисида юқори турувчи органларга тақдимнома киритилди.

Президентнинг 2022 йил 18 майдаги тегишли қарори бўйича, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган 983 та цемент-бетон қопламали автомобиль йўлларини қуриш обьектлари ҳам назорат қилинди. Натижада 670 та қоидабузилиш ҳолатлари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар масъул ходимларига 263 та мажбурий кўрсатмалар берилди. 41 та ҳолат бўйича 443,2 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича талабномалар киритилди. 5 та ҳолатда мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Умуман, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари юзасидан барча йўл-қурилиши объектларида қўпол равишда қоидабузилишларга йўл қўйган ва кўрсатмаларни муддатида бартараф этмаган мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси асосида тегишли чоралар қўллаш учун 22 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маъмурий суд органларига юборилди, – деди К.Шамсиддинов.

Мутасадди мазкур дастурлар доирасида йўл соҳасидаги аҳоли мурожаатлари ҳамда матбуот ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган айрим муаммоли масалалар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.

– Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани “Ҳурлик” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан – Нурафшон ва Фаровон кўчалари ҳолати бўйича қилинган мурожаатга эътибор қаратмоқчимиз.

Тумандаги давлат дастурига тушган “Нурафшон” кўчасида 0,710 км бетон қоплама, “Нурафшон-1” кўчасида 0,211 км бетон қоплама, “Фаровон” кўчасида 0,260 км бетон қоплама ва мазкур кўчадаги 0,574 км асфальтбетон қоплама ётқизиш ишлари – “Сурхондарё минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” корхонаси буюртмачилигида “Сурхондарё йўл қуриш-таъмирлаш” корхонаси томонидан бажарилган. Термиз транспорт прокуратурасининг буйруғи асосида ўтказилган назорат ўлчовида бу ишларда камчиликлар аниқланмаган.

Мурожаат асосида Шўрчи тумани ободонлаштириш бошқармаси вакиллари билан бирга олиб борилган ўрганишларда маҳалла ҳудудида жами 13,5 км тупроқ йўллар мавжудлиги аниқланди. Бу йўлларни тош қопламага ўтказиш, ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари 2022 йилнинг ноябрь ойида бошланган бўлиб, бугунги кунда 2 км йўлга тош қоплама ётқизилган, қолган 11,5 км йўлларда хам ҳашар йўли билан тош қоплама ётқизиш режалаштирилган, – деди ахборот хизмати раҳбари.

ЎзА