Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича ахбороти тингланди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Омбудсман ҳузуридаги комиссия раиси Феруза Эшматова ахборот берди.

Таъкидланганидек, 2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлаган ва бу фуқаролар мурожаатларини тезкорлик билан жойига чиқиб ўрганиш, мониторинг ташрифлари қамровини кенгайтириш имконини беряпти.

Ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17 минг 761 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 14 минг 526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан, чет эл фуқароларидан ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, 3 минг 235 таси жазони ижро этиш муассасаларидан юборилган.

Мурожаатлар вилоятлар кесимида аҳоли сонидан келиб чиқиб таҳлил қилинганда энг кўп масалалар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларига тўғри келиши аниқланган.

Ўтган 2022 йилда Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан ташкилот ёки мансабдор шахсларга 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган. Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари, судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та даъво аризалари киритилган. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириши белгиланган маблағлар 2 млрд 372 млн сўмни ташкил этди. Шунингдек, 45,4 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди. Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича эса жами 505 млн. 914 минг сўм маблағ ундирилди.

Йиғилиш давомида Ф.Эшматова қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олиш бўйича фаолиятига тўхталар экан, 2022 йилда ўтказилган мониторинг ташрифлари сони 381 маротабани ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошганлигини маълум қилди.

Ф.Эшматованинг таъкидлашича, Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида ўтказилган мониторинг ташрифлари давомида 2022 йилда 6 мингдан ортиқ шахс  билан жамоавий учрашувлар, 1 минг 657 нафар шахс билан якка тартибда суҳбат ўтказилган.

Шунингдек, ҳисобот даврида Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3235 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Омбудсман сўровига асосан прокуратура идоралари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та (2021 йилда 32 та) қарорнинг барвақт қабул қилингани аниқланган. Ушбу қарорлар бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланган.

52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилган бўлса, 13 нафар айбланувчига нисбатан тайинланган эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилган. Қолаверса, 17 нафар маҳкумнинг (маҳбуснинг) оила аъзоларига моддий ва ижтимоий кўмак берилиб, 21 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилган.

Эшитувда Парламент комиссияси аъзоларига Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан ишлаш йўналишидаги фаолияти ҳақида ҳам маълумот берилди.

ЎзА