Пойтахтимизда Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан “Навоий ва Шарқ Ренессанси” номли II Халқаро симпозиум ташкил этилди.
Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари, илмий-адабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди бугунги кунда самарали фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили Алишер Навоий таваллуди кунида ўтказилаётган “Навоий ва Шарқ Ренессанси” мавзусидаги халқаро симпозиум ҳам мазкур эзгу ташаббуснинг узвий қисмидир.
Симпозиумда Эрон, Россия, Туркия, Тожикистон ва бошқа хорижий давлатлардан олимлар, адабиётшунослар иштирок этди. Адабий симпозиумда бугунги глобаллашув даврида тинчлик ва барқарорлик, хавфсизликни таъминлашда Алишер Навоий асарларида илгари сурилган ғоялар муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Айтиш жоизки, 2021 йили Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Алишер Навоий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, юртимиздаги Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Айни пайтда Корея, Хитой, Германия, Эрон каби давлатларда Алишер Навоий халқаро жамоат фондининг ваколатхоналарини очиш, бу мамлакатларда навоийшунос олимлар билан ҳамкорлик ўрнатиш устида ишлар олиб борилмоқда.
– Янгиланаётган Ўзбекистонда янги ташаббуслар, янги тафаккурга гувоҳ бўлмоқдамиз, – деди тожикистонлик олим Бахтиёр Файзуллаев. – Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллуди давлат миқёсида нишонланиши, у зотнинг меросини ўрганишга бўлган улкан эътибор диққатга сазовордир. Навоийшунослик илмида “Навоий ва тожик адабиёти” мавзуси муҳим йўналишдир. Зеро, Навоий “Фоний” тахаллуси билан ҳам форсийда ижод қилган. Ҳирот адабиётида Навоийга бир қатор тожик шоирлари издошлик қилган. Мазкур анжуман натижаси ўлароқ, дўстлигимиз абадий бўлишини тилаб қоламан.
Халқаро симпозиумда Алишер Навоий ижодини жаҳон миқёсида ўрганиш, бобомиз улуғлаган умуминсоний эзгу ғоялар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат)
ЎзА мухбири