Туркия фавқулодда вазиятлар департаментининг сўнгги маълумотига кўра, мамлакат жанубий-шарқидаги зилзила қурбонлари сони 12 минг 391 кишига етди.

Зилзиладан кейин 70 соат ўтгач, офат минтақасидаги вайроналар орасидан 7 ёшли бола соғ-саломат олиб чиқилди. Шунингдек, 72 соатдан кейин икки киши ва 73 соатдан кейин бир киши қутқарилди.

АҚШ Президенти Жо Байден Туркия етакчиси Режеп Таййип Эрдоған билан телефон мулоқотида “ушбу фожиадан жабрланганлар билан биргаман”, деди у.

Байден қидирув-қутқарув ишларида тўлиқ ёрдам беришга тайёрлигини баён қилди. “Биз Туркия ва Сурия халқини оғир кунларда қўллаб-қувватлаш ишида қатъий содиқ эканимизни билдирамиз”, деб қўшимча қилди етакчи.

Эрдоғаннинг баёнотига кўра, 60дан ортиқ хорижий давлатлар Туркияни қувватлашаяпти, уларнинг аксарияти қидирув-қутқарув ишида қатнашишмоқда. Президент биринчи бўлиб ёрдамга шошилган Озарбайжон, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар, Кувайт ва Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.

ЎзА