Шу кунларда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида делегация Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб турибди.
Икки мамлакат ўртасида гидроэнергетика соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу хизмат сафари дастури бўйича “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳулкар Жўраева Нью-Деҳли шаҳридан ЎзА мухбирига интервью берди.
– “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэнергетик қувватларни барпо этиш, хусусан, замонавий талаблар асосидаги янги гидроэлектр станцияларни қуриш, модернизация лойиҳаларини амалга ошириш, шу билан бирга, истиқболли саналган микро ва кичик ГЭСларни қуришга катта урғу берилмоқда, – деди Ҳ. Жўраева. – Шу талаблардан келиб чиқиб, бугун, яъни 8 февраль куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида икки томонлама ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда Маданий алоқалар бўйича Ҳиндистон Кенгаши президенти Доктор Винай Сахасравудхе, Миллий энергетика корпорацияси, “Tehri Hydro Power Corporation” ҳамда “North-Eastern Electric Power Corporation Limited” корпорациялари раиси ва бошқарувчи директори Шри Р.К. Вишной, “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси раиси Нараян Бхардвадж ва бошқалар иштирок этди.
Қайд этилганидек, учрашувда томонлар тарихий келишувга эришди. Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва қуввати 50 МВт бўлган сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатлар Ўзбекистонга етказиб берилади. Ушбу ҳамкорликнинг аҳамияти шундаки, 1-босқичда гидроагрегатларнинг 60 фоизи маҳаллийлаштирилади ва гидроагрегатлар Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказилади. 2-босқичда ишлаб чиқаришнинг 100 фоизи маҳаллийлаштирилади ва ҳиндистонлик инженер-муҳандислар республикамизда доимий ишлаши, бизнинг маҳаллий мутахассисларимизни гидроагрегатларни ишлаб чиқаришга ўргатиш учун жалб қилинади.
Бу борада Жамият халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, хорижий илғор тажрибани маҳаллийлаштиришга устувор вазифалардан бири сифатида қарамоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Жамият бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ва “MACLEC” компанияси раиси Нараян Бхардвадж ўзаро ҳамкорликнинг истиқболларини алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг томонлар ўртасида сув юзасида сузиб турувчи кинетик турбинали инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўтган 2022 йилнинг август ойида Ҳиндистоннинг “Масlес” компанияси раҳбарлари билан гидроэнергетика соҳасида янги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида икки томонлама учрашув ўтказилган ҳамда “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида қуввати 500 кВт гача бўлган микро ГЭСлар учун гидроагрегатлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.
Тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖ заводи ҳамда Ҳиндистоннинг “MACLEC” компанияси ҳамкорлигида микро ГЭСлар учун гидроагрегатлар “Made in Uzbekistan” ўзбек бренди асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш борасида келишувга эришилган эди. Бу эса, ўз навбатида, хусусий инвесторлар томонидан микро ГЭСларни қуришга ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида кичик ГЭС қурмоқчи бўлган тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб беради. ГЭС учун зарурий асбоб-ускуналарни юртимиздан арзон ва кафолатланган тарзда харид қилиниши имкониятини беради.
Жорий йилнинг 23 январь куни Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация ҳамда “MACLEC” компанияси вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик доирасида ўтказилган навбатдаги учрашувда Жамият томонидан Ўзбекистондаги гидроэнергетик салоҳият, хусусан, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай дарё ва каналлар ҳақидаги маълумотлар, ҳинд компанияси томонидан эса замонавий технологик қурилмалар, хусусан, гидроагрегатлар борасида махсус тақдимот тақдим этилган эди.
Натижада қисқа вақт ичида ҳар бир дарё ва каналлар учун индивидуал бўлган гидроагрегатлар моделлаштирилди, уларнинг номинал ўлчамлари ва қувватлари янги технологиялар ёрдамида аниқланди ва шу кунларда ишлаб чиқариш жараёнлари бошланади.
Жамият томонидан бу борадаги ҳамкорлик ишлари узвий давом эттирилиб, Хитой Халқ Республикасининг JINLUN компанияси билан қуввати 15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқарувчи янги замонавий технологиялар билан жиҳозланган заводни қуриш бўйича ўзаро келишувга эришилди. 20 февралга қадар ушбу ҳамкорлик битими имзоланиши ва янги заводга тамал тоши қўйилиши режалаштирилмоқда.
Умуман олганда, маҳаллийлаштириш доирасида самарали лойиҳалар асосида йўлга қўйилаётган, хорижий илғор тажриба асосида ишлаб чиқарилаётган янги қувват қурилмалари ва манбалари янги Ўзбекистон гидроэнергетик салоҳиятининг ортишига, тоза ва арзон электр энергия манбаини ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин оширилишига, янги иш ўринларининг яратилишига, том маънода, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланишига муҳим пойдевор бўлади.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.