У ҳақда нима биламиз?

Кристофер Жон Хипкинс Жасинда Ардерн кутилмаганда истеъфога чиққач, 20 январь куни Янги Зеландиянинг 41-бош вазири сифатида иш бошлади. У Қирол Карл III вакили – Генерал-губернатор Синди Киро олдида қасамёд қилишдан аввал, ҳукмрон Лейбористлар партиясига раҳбарлик қилиш учун 64 нафар қонун чиқарувчи томонидан сайланган.

Крис Хипкинс 1978 йил 5 сентябрда Янги Зеландия пойтахти  Веллингтонда туғилган. “Рейтер” хабар қилишича, унинг ота-онаси оддий одамлар бўлиб, фарзандларини яхши ҳаёт билан таъминлаш учун жуда кўп меҳнат қилишган.

Крис Веллингтондаги Виктория университетинида сиёсатшунослик ва криминалистика бўйича таҳсил олган. Ўқишни тамомлагач, Касбий таълим федерациясида сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчи, “Todd Energy” компаниясида таълим менежери лавозимида фаолият юритди.

Хипкинс илк бор 2008 йил парламентга сайланган. Бош вазир бўлгунга қадар таълим, соғлиқни сақлаш, давлат хизмати, полиция вазири ва Вакиллар палатаси етакчиси бўлган. 2020 йил ноябрдан 2022 йил июнь ойига қадар Хипкинс коронавирусга қарши чора-тадбирлар учун масъул амалдор эди. Айнан шу вазифада унинг обрў-эътибори сезиларли даражада ошди.

ОАВ ёзишича, янги Бош вазир парламентда ҳазилкашлиги билан танилган. Фаол ҳордиқ ишқибози ва ашаддий вело ҳаваскор Хипкинс баъзан қўшни шаҳардаги уйидан пойтахтга велосипедда келади. Уйланган, икки нафар фарзанди бор. Унинг сўзларига кўра, ўзи оиласи омма эътиборидан йироқ бўлишини хоҳлайди.

Тахминларга қараганда, Хипкинс бошчилигидаги янги ҳукумат асосий эътиборни соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларга, шунингдек, турмуш даражаси билан боғлиқ инқирозни бартараф этишга ҳаракат қилади.

Г.Абдуллаева тайёрлади.

ЎзА