Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда Бош вазир, унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, вилоятлар ҳокимлари иштирок этди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Экинлардан мўл ва сифатли ҳосил олиш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий техника ва агрегатлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишда юқори ҳосилдорликка эришишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳимлиги қайд этилди. Ўз вақтида минерал ўғит берган ва суғорган фермерларнинг далаларида ғалланинг ҳолати қониқарли бўлиб, баравж ривожланмоқда.
Шунга қарамай, мамлакатимиз бўйича бир неча минг гектар майдонда ғалла етишиши кечикмоқда. Жумладан, Тошкент, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларидаги айрим ғалла майдонларида шундай ҳолатлар мавжуд.
Мажлисда ғаллани баргидан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, ғалла майдонларига маҳаллий ўғит солишда белгиланган меъёрларга амал қилиш ҳосилдорликнинг ошишида муҳим роль ўйнаши қайд этилди. Бу муҳим агротехник тадбир минерал ўғитлар самарадорлигини 6-8 баробар оширади ва ўсимликнинг сувга бўлган талабини 20-25 фоизгача камайтириш имконини беради.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ғалла майдонларига ҳимоя воситалари, жумладан, фунгицид ва гербицид аралашмаси сепишни 30 мартгача тўлиқ якунлаш, ғалла майдонларига март ойида яна бир марта ва апрель ойида камида икки марта суспензия сепишни қатъий назоратга олиш вазифаси юкланди.
Йиғилишда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мавсумга тайёргарлик юзасидан техника воситалари созлигини таъминлаш, мавжуд комбайнларни техник кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган. Бу борадаги мавжуд камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилишда чигит экишни сифатли ўтказиш ва тўлиқ кўчат олиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилда 1 миллион 71 минг гектардан ортиқ майдонга чигит экиш белгиланган. Бу 2017 йилга нисбатан 135 минг, 2016 йилга нисбатан эса 184 минг гектар камдир. Кам ҳосил берадиган пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига харидоргир сабзавот ва полиз экинлари экиш белгиланди.
Чигит экиш мавсумини қисқа муддатда ўтказиш, тўлиқ ва соғлом кўчат ундириб олиш учун ҳудудларда жами 3 минг 432 та ер тайёрлаш ва чигит экиш отряди ташкил қилинган. Жорий йилда ёғингарчилик нисбатан кам бўлаётгани сабабли чигитни тупроқнинг табиий намига ундириб олиш керак. Бунинг эвазига 1 миллиард метр куб сув тежалади. Бугун Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида тупроқда етарли ҳарорат бўлиб, чигит экиш учун жуда қулай ва оптимал шароит юзага келган.
Лекин бугунгача Сурхондарёда бор-йўғи 8 минг гектар ёки 11 фоиз, Қашқадарёда эса 5 минг гектар ёки 3,5 фоиз майдонга чигит экилган. Кунлик экиш суръати ҳам 1 фоиз атрофида бўлмоқда. Ваҳоланки, ушбу ҳудудларда чигит экишнинг кечикиб кетиши – ғўзанинг ҳосил тўплаш даври айнан иссиқ кунларга тўғри келиб, ҳосилнинг катта қисмини гармселга ёки ҳашаротга олдириб қўйишга сабаб бўлиши барчага маълум.
– Энг асосийси, қишлоқ хўжалигида барча муаммоларни бирма-бир ечиб, бир тонна пахтанинг ўртача нархини 3 миллион 250 минг сўм қилиб белгилаб қўйдик. Энди ҳар йилги “чигит экишга маблағ етмаяпти, ёқилғи йўқ” деган баҳонага ўрин қолмади, ажратилаётган маблағлар барча тадбирлар учун етади, – деди давлатимиз раҳбари.
Пахта ва ғалла етиштиришни молиялаштириш масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Мавсум давомида фермерларга ўзгармас ва чекланган нархда минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари етказиб бериш зарурлиги таъкидланди. Яқинда қабул қилган қарорга мувофиқ пахта-ғалланинг харид нархини харажатларни қоплайдиган ва фойдани таъминлайдиган қилиб белгилаб берилди. Шунингдек, жорий йил пахта ҳосили учун ажратиладиган имтиёзли кредит 6 триллион сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилга нисбатан 3 баробарга кўпдир. Энг асосийси, фермерларга бериладиган имтиёзли кредитларда минерал ўғит ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари учун харажатларни 100 фоиз қоплайдиган миқдорда маблағлар кўзда тутилган.
– Илгари имтиёзли кредит аниқ йўналиш бўйича ажратилиб, фермер ўз пулини мустақил сарфлай олмасди. Энди эса кредитларни тақсимлаш фермерларнинг буюртмалари асосида туман даражасида ҳал қилинади, – деди Президент. – Фермерга фақат зарар олиб келадиган, ҳосилдорлиги 15 центнердан паст бўлган ерларга пахта экишдан мутлақо воз кечдик. Эндиликда бундай майдонларга юқори даромадли экспортбоп экинлар экилади.
Йиғилишда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Фермерлар кенгаши фаолияти талабга жавоб бермагани учун тугатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилди. Кенгашнинг аҳоли ва деҳқон хўжаликларига тегишли унумдор томорқа ерларидан фойдаланишни ташкил этиш бўйича ишлари мутлақо талабга жавоб бермаслиги таъкидланди. Маҳаллий ҳокимликлар ҳам бу соҳага етарли эътибор қаратмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Яқинда Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида томорқа ер майдонларидан фойдаланиш ҳолати ўрганилгани қайд этилди. Ушбу вилоятларнинг баъзи туманларида томорқа ерларидан самарали фойдаланилмаётгани аниқланган. Аксарият аҳолининг 8-10 сотих томорқа ери бўлсада, ҳеч нарса экмаган.
Давлатимиз раҳбари кичик томорқадан мўл ҳосил олиб, оиласини боқаётган, катта даромад топаётган меҳнатсевар одамларни ўрнак қилиб кўрсатди.
– Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан – шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз. Шунинг учун бугундан бошлаб “Томорқага экин экиш” ойлигини эълон қилиб, ҳар бир томорқага экин экишни ташкил этиш керак. Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада аҳолига кўмаклашиш мақсадида барча туманларда “Томорқа хизмати” корхоналарини ташкил этиш, улар орқали томорқалар учун кўчат, минерал ўғит, кимёвий препаратлар етказиб бериш, механизация ва бошқа сервис хизматлари кўрсатиш бўйича тизим яратиш юзасидан топшириқ берилди. Шу хизматлар етиштирилган ҳосилни харид қилиш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.
Йиғилишда мева-сабзавот, картошка, узум ва полиз маҳсулотлари етиштириш билан боғлиқ ишлар ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда 2017 йилга нисбатан 24 фоиз кўп маҳсулот етиштириш режалаштирилгани қайд этилди.
Ушбу режадаги мева-сабзавотларни сифатли етиштириш, халқ истеъмоли учун ғамлаш, белгиланган қисмини экспорт қилишни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда юқорида қайд этилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, барча турдаги эканлардан мўл-кўл ҳосил олиш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.