Иммигрантларнинг, шу жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фуқаролари учун ҳам Қозоғистонга кириши ва мамлакатда бўлишининг янгиланган қоидалари, бугун, 27 январдан кучга кирди. Миграция қонунчилигига тегишли ўзгаришлар 17 январда республика ҳукумати томонидан тасдиқланган эди, деб хабар берди Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.
Қозоғистонга визасиз тартибда келган чет эллик фуқаролар учун рухсат этилган мамлакатда бўлиш муддати давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 30 тақвим кундан кейин тугайди. Бунда 180 кун ичида республикада бўлиш жами 90 календар кунидан ўтиб кетмаслиги керак.
Шу билан бирга, ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари Қозоғистон чегарасини кесиб ўтгач, 90 кун давомида республикада эмин-эркин юра оладилар.
Илгари визасиз республикага келган чет элликлар ва ЕОИИ фуқаролари учун Қозоғистон давлат чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб 180 кунлик чеклов йўқ эди. Республикада бўлиш муддати тугагач, хорижликлар мамлакатдан чиқиб кетишлари ва кейин бемалол қайта кириб чиқишлари мумкин эди.
Мазкур ўзгаришлар виза билан мамлакатга кирган чет элликлар ва давлатда вақтинчалик бўлишига рухсат берилганларга нисбатан қўлланилмайди.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги шунга ўхшаш талаблар халқаро амалиётда ҳам қўлланилаётганини қайд этди. Хусусан, улар Беларусь, Россия, Грузия ва Украинадаги қозоқ фуқароларига тегишли экани айтиб ўтилди.
Вазирлик, шунингдек, Қозоғистонга келган чет элликлар мазкур ўзгаришларга амал қилмаган ҳолда республика Чегара хизмати уларни мамлакатга киришини чеклаши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.
ЎзА