“Bloomberg” агентлигининг Жаҳон аҳолишунослик ташкилотига таяниб хабар беришича, Ҳиндистон аҳолиси 2022 йил охирида 1,417 миллиард кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич 1,412 миллиардлик Хитой аҳолисидан беш миллионга кўпдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳиндистон аҳолиси сони бўйича Хитойни ортда қолдириб, дунё бўйлаб етакчи бўлишни башорат қилган эди. Аммо унинг бунчалик тез ўзгаришини кутмаган, дейилади хабарда.

Ҳиндистон расмий равишда аҳолининг янги рақамларини эълон қилмаган. Мамлакат одатда ҳар ўн йилда бир марта аҳолини рўйхатга олади. 2021 йилга мўлжалланган бу тадбир пандемия сабабли қолдирилган эди.

Хитой Статистика бюроси маълумотларига кўра, 2022 йилда Хитой аҳолиси ўтган йилларга нисбатан 850 минг кишига камайган. Бу камайиш ҳолати 1960 йилдан бери биринчи марта қайд этилди.

БМТ башоратига кўра, яқин йилларда Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги аҳоли сони бўйича фарқ сезиларли равишда ўзгаради. 2050 йилга бориб, Ҳиндистон аҳолиси 1,6688 миллиард кишига етиши, Хитойники эса 1,317 миллиард киши бўлиши кутилмоқда.

Умуман олганда, аҳоли сонининг энг катта ўсиши Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзанияда кузатилмоқда.

 

ЎзА