2023 йил мамлакатимизда бир қатор халқаро спорт мусобақалар ўтказиладики, улар орасида жорий йилнинг 16-17 сентабрь кунлари Самарқандда триатлон бўйича ўтадиган “Challenge Samarkand” спорт фестивали алоҳида ўрин тутади.

Айтиш лозим, “Challenge Samarkand“ бу – 30 дан зиёд ривожланган давлатларда 50 мингдан ортиқ иштирокчиларни қамраб оладиган тизимли тарзда ўтказиладиган «Challenge Family» халқаро брендига эга нуфузли спорт мусобақаларнинг бир қисми бўлган триатлон пойгаси ҳисобланади.

Бугун, 17 январь куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида мазкур нуфузли спорт тадбирига тайёргарликнинг боришига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда иштирок этган Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон триатлон федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Носиров, федерация бош котиби Елена Кун мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беришди.

Матбуот анжуманида «Challenge Family» бош директори Жорт Влам (Нидерландия) онлайн тарзда қатнашди.

Анжуманда таъкидланганидек, “Challenge Samarkand“ мусобақаси Марказий Осиёдаги ”Challenge Family» бренди остидаги биринчи ва ягона триатлон пойгаси саналади.

Ушбу спорт фестивалида профессионаллар, ҳаваскорлар, аёллар, болалар, ҳар қандай тайёргарлик даражасига эга бўлган ҳар бир киши қатнашиши мумкин бўлади.

Мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида “Challenge Samarkand«да иштирокчиларни онлайн рўйхатга олиш бугундан бошланганлигини ва жорий йил август ойигача давом этишини, иштирокчилар 2000 нафар атрофида бўлиши кутилаётганлигини билдириб ўтишди.

Матбуот анжуманида онлайн тарзда иштирок этган «Challenge Family» бош директори Жорт Влам Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилаётган ушбу спорт мусобақасининг айнан Самарқандда ўтказилиши тарихий аҳамият касб этади.

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар нафақат дунё маданиятининг, балки халқаро спорт мусобақаларининг ҳам маркази бўлишга ҳар жиҳатдан ҳақлидир.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА