Уммон султонлиги пойтахти Маскатда стол тенниси бўйича фахрийлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида иштирок этаётган мамлакатимиз вакиласи Наталья Овасапова яккалик ва жуфтлик мусобақаларининг саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, асосой турда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Жаҳон чемпионати мусобақалари бир неча ёш тоифалари ўртасида ташкил этилаётган бўлиб, унда 50 нафардан зиёд фахрий жаҳон чемпионлари, олимпия ва қитъа ўйинлари совриндорлари қаторида халқаро турнирларнинг ғолиблари қатнашмоқда. Умумий иштирокчилар сони 1600 нафарни ташкил этган.

Кеча, 16 январь куни яккалик ва жуфтлик йўналишларида илк саралаш мусобақалари бўлиб ўтди.

Эътиборлиси, нуфузли мусобақада юртимизнинг ягона вакиласи Наталья Овасапова иштирок этаётган бўлса-да, муносиб ўйин услуби билан рақибларини қийин вазиятларга дучор этмоқда.

Ҳамюртимиз 50 ёшдан юқори бўлган иштирокчилар орасидаги саралашнинг 5-гуруҳидаги дастлабки баҳсларида Исроил ва АҚШ вакилалари бўлган кучли спортчиларни мағлубиятга учратган ҳолда асосий турга йўл олди. Шунингдек, ҳамюртимиз украиналик Наталья Свяднятска билан жуфтликда ҳам муносиб натижа қайд этмоқда.

Бугун ҳамюртимиз яккаликда япониялик маҳоратли ракетка устаси Нацуко Танигути билан куч синашади.

Чемпионат 21 январга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА