Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси этика бўлими (AIU) допинг билан боғлиқ ҳуқуқбузарларнинг сўнгги умумий рўйхатини эълон қилди.
Унга кўра, қоидабузарлик туфайли санкцияга тушганларнинг деярли тўртдан бир қисмини Россия вакиллари ташкил қилмоқда.
Глобал рўйхатга киритилган 473 нафар спортчи ёки спортчиларнинг ёрдамчи ходимларидан 92 нафари Россия енгил атлетика федерацияси вакилларидир. Кейинги ўринда Ҳиндистон 65, Кения 54, Марокаш 24 ва Хитой 20 нафар санкция билан жой олган.
Шунингдек, Туркия 18, Италия 15, Жанубий Африка 14, Украина 13, Беларусь 12, АҚШ 11, Бразилияда 10 нафарни ташкил этмоқда.
Қайдномада келтирилган давлатлар қаторида Қозоғистонда тўққизта, Руминияда саккизта, Ироқ ва Нигерияда еттита, Эрон ва Францияда олтита ҳолат мавжудлиги кўрсатиб ўтилган.
Сўнгги йилларда допинг «орбита»сига Эфиопия ва Ямайка енгил атлетикачилари ҳам қўшилган.
Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси этика бўлими (AIU) тузган рўйхатда Ўзбекистон енгил атлетикачилари қайд этилмаган.
Т. Рўзиев, ЎзА