Бухоро қизлар ўртасида ўтказилган волейбол бўйича мусобақанинг Республика босқичига мезбонлик қилди.
Республикамизнинг барча вилоятларидан жами 280 нафар волейболчи қизлардан иборат 14 та жамоа 16-21, 22-26 ёш тоифалари бўйича ғолиблик учун ўзаро куч синашди.
–Айтиш ўринлики, сентябрь ойидан старт олган Беш ташаббус олимпиадасининг иккинчи мавсуми доирасида волейбол мусобақасида иштирок этиш истагини билдириб 1 миллион 298 минг 378 нафар ёшлар рўйхатдан ўтган, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов. – Ҳар бир босқичда сараланиб 208 нафар ёшлар мусобақанинг Республика босқичигача етиб келди. Мақсад ҳудудлардаги маҳаллаларда оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш орқали, айниқса, қишлоқ жойларда ёшлар ва уюшмаган ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жиноятчиликни олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказишдан иборат.
Уч кун давом этган мусобақалар натижаларига кўра, 16-21 ёш тоифасида 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани, “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини, 2-ўрин Сурхондарё вилояти, Денов тумани, “Ўзгариш” маҳалла фуқаролар йиғини, 3-ўрин Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаларига насиб қилди.
22-26 ёш тоифасида 1-ўринни Фарғона вилояти, Қўштепа тумани “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғини, 2-ўринни Тошкент вилояти, Оҳангарон шаҳри “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини, 3-ўринни Сурхондарё вилояти, Музработ тумани, “Буюк ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғини жамоалари эгаллади.
Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА