Хорижлик мутахассислар ҳам жалб этилган мазкур фильм ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ижтимоий саҳифалари орқали қуйидаги фикрларни билдирган: “Бу ишлар тарихимизда биринчи маротаба ташкил қилинмоқда. Барчангизга омад тилайман. Натижаси билан берсин. Бу ёшлар ҳали кўп ишлар қилишига ишонамиз”.
Эътиборли жиҳати шундаки, триллер учун хориждан тажрибали мутахассислар таклиф этилган. Ўзбекистонлик ёшлар улардан соҳа сирларини ўрганмоқда.
Суратга олиш майдонида актёрлар овози “тоза” ҳолда ёзилиб, қайта овозлаштирилмайди. Бу эса актёрлардан ўз ишига ўта жиддий ёндашиш, қаҳрамонининг ҳар бир сўзини ёдлаш, ҳис қилишни талаб этади. Россиядан лойиҳа учун юртимизга махсус ташриф буюрган мутахассислар фильм кадрларини суратга олиш майдонининг ўзида хомаки монтаж қилиб боради.
Фильм ижодий ва техник жамоасини Ўзбекистон, Россия, АҚШ ва Германия мутахассислари ташкил этади. Суратга олиш ишлари Тошкент шаҳри ва Бухоро вилояти, шунингдек, Россия ва Марокашда бўлиб ўтади.
Лойиҳанинг катта шов-шувга сабаб бўлган воқеаси сифатида унда туркиялик машҳур актёр Мурат Йилдиримнинг (ўзбек томошабинларига “Осиё” сериалидаги Демир роли билан яхши таниш) иштирокини қайд этиш мумкин.