Француз ёзувчиси Анни Эрно 2022 йил учун адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Швеция академияси аъзоларининг бу ҳақдаги қарори 6 октябрь куни эълон қилинди.
Ҳакамлар ҳайъати француз ёзувчиси томонидан “шахсий хотиранинг бегоналашуви ва жамоавий чекловлар”, “жасорат ва идрок” зўр очиб берилганини алоҳида ажратиб кўрсатди.
Эрнонинг энг машҳур асарларидан бири – “Воқеа”да ёзувчи 1963 йил, Францияда аборт қилиш ноқонуний бўлган пайтда бу жараёндан қандай омон қолгани ҳақида ҳикоя қилинади.
Адабиёт йўналишида 2021 йил мукофоти танзаниялик адиб Абдулраззоқ Гурнега, 2020 йил учун эса америкалик шоира Луизе Глюкка насиб қилганди.
2019 йил мукофот бирданига икки номзодга топширилган: 2018 йил учун польшалик адиба Ольга Токарчук, 2019 йил учун австриялик Петер Хандке танланган.
2017 йили асли япониялик британ ёзувчиси Казуо Исигуро ғолибликка муносиб кўрилган. 2016 йил америкалик мусиқачи Боб Дилан, бир йил аввал беларус ёзувчиси Светлана Алексиевич тақдирланган.
1901 йилдан 2021 йилгача адабиёт бўйича Нобель мукофотини жами 118 киши қўлга киритган бўлса, улардан 16 нафари аёллар.
7 октябрь куни Ослода тинчлик бўйича Нобель мукофоти эгаси номи маълум бўлади. 10 октябрь куни Стокгольмда иқтисод соҳасидаги мукофот соҳиби аниқланади.
2022 йилги мукофот миқдори 10 миллион швед кронаси (921 минг евро)га тенг.
Барча ғолибларга Нобель мукофотини топшириш маросими, анаъанага кўра, 10 декабрь – Альберт Нобель вафот этган куни бўлиб ўтади.
А.Ғуломов, ЎзА