Россия Федерацияси ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Режеп Таййиб Эрдоған пайшанба куни Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашувда Россия газини етказиб бериш масаласини, хусусан, қисман тўловни рубль ва лирада ўтказиш тафсилотларини муҳокама қилади, деб хабар берди РИА Новости агентлигига Анқарадаги дипломатик манба.

Россия ва Туркия етакчилари Россиядан Туркияга газ етказиб бериш учун қисман тўловларни рублда бошлашга келишиб олдилар, дея аввалроқ Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак маълум қилди.

Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Фотиҳ Дўнмез Россия газини Туркия томонидан рублда сотиб олиш бўйича принципиал келишувга эришилганини, Анқара Москва билан транзитнинг бир қисмини турк лирасида тўлаш имкониятини муҳокама қилаётганини айтди.

“Ҳа, газ масаласи, хусусан, миллий валюталарда тўлов бўйича келишув тафсилотлари кун тартибида бўлади”, – деди манба етакчиларнинг Туркияга Россия газини етказиб бериш масаласини муҳокама қилиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берар экан. Манбага кўра, Россия газини Туркияга етказиб беришда ҳеч қандай муаммо йўқ.

 

ЎзА