Эртага, 10 сентябрдан мамлакатимиз бўйлаб давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий этилган «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларининг иккинчи босқичига старт берилади.
Шу йил апрель-июнь ойларида бўлиб ўтган «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг биринчи босқичида юртимиз ёшлари 5 та ёш тоифаси бўйича 9 та спорт турида баҳслашди. Кўча босқичидан старт берилган оммавий спорт тадбирларида республикамизнинг 3 100 000 нафардан зиёд 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлари футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли оммавий спорт мусобақаларида ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.
Юртимизда илк бор «катта йўлга» чиққан «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг биринчи босқичида 114 нафар ёш спортчи ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиб, мазкур спорт ҳаракатининг илк қалдирғочлари, деган номга эга бўлишди.
Эътиборли жиҳати, мазкур спорт тизимининг жорий этилиши натижасида минг-минглаб ёшлар оммавий спорт тадбирлари билан қамраб олинди. Маҳаллаларга шиддатли спорт мусобақалари шамоли кириб борди. Ғолиб ва совриндорликка эга бўлган спортчилар, жамоаларнинг маҳаллаларига 3 турдаги спорт майдончаларини қуриб бериш белгиланди. Айни кунларда жойларда мазкур спорт майдончаларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, ташкилотчилар томонидан иккинчи мавсум ўйинларига жиддий тайёргарлик кўрилди. Энг аввало, мусобақаларни ўтказиш низомлари қайта ишлаб чиқилди, иштирокчилар борасида талаблар аниқ белгилаб олинди. Шу билан бирга, иккинчи мавсумдан ўйинлар дастурига миллий қадриятимиз кураш мусобақалари ҳам киритилдики, бу – ёшлар қалбида ота-боболаримиздан мерос анъаналарга садоқат, ҳурмат туйғуларини янада шакллантиришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.
«Беш ташаббус олимпиадаси»нинг иккинчи мавсуми доирасидаги танлов ва мусобақаларга аризаларни қабул қилиш жорий йилнинг 10 августидан 9 сентябрига қадар давом этди.
Бугунги кунда Спортни ривожлантириш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан келиб тушган аризалар, талабномалар кўриб чиқилмоқда.
Норасмий маълумотларга кўра, бугунгача «Беш ташаббус олимпиадаси»да қатнашиш истагини билдирган ёшлар сони икки ярим миллиондан ошганлигини, уларнинг асосий қисми спорт машғулотларидан узоқ маҳалла ёшларидан иборат эканлиги назарда тутилса, аҳоли орасида оммавий спорт ҳаракати жонланаётганлигидан далолат бермоқда.
Эртага бошланадиган иккинчи мавсумнинг илк баҳслари – кўчалараро босқичи ҳар бир маҳалла умумтаълим мактабларида ёки маҳалла қошидаги спорт майдонларида ўтказилиб, беллашувларни бошқариб боришда умумтаълим мактабларининг жисмоний тарбия ўқитувчилари, жойлардаги болалар-ўсмирлар спорт мактаблари мураббийлари қатнашиши уларнинг ҳам малака кўникмаси шаклланишига ёрдам беради.
10 та спорт тури бўйича ўтадиган баҳсларда 7-10, 11-15, 16-21, 22-26 ва 27-30 ёшли маҳалла ёшлари қатнашади.
Иккинчи босқич мусобақаларининг ўзига хос жиҳати – «Беш ташаббус олимпиадаси» якунида мамлакатимиздаги яна 279 та маҳалла спорт майдончаларига эга бўлиш имконини қўлга киритади.
Т. Рўзиев, ЎзА