Тўрткўл туманидаги «SAFETY FILTR» масъулияти чекланган жамияти томонидан янги инновацион лойиҳа – табиий газни филтрловчи қўрилма ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мазкур қурилма Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, Россия Федерациясининг «Роспатент» агентлиги томонидан берилган патент ҳамда «Ўзстандарт агентлигининг сертификати асосида ишлаб чиқарилмоқда. Хақиқатдан ҳам, табиий газ бир қанча босқичларда тозаланишига қарамасдан, истеъмолчиларга етиб боргунга қадар газ қувурларининг ички қисми емирилиши оқибатида ҳосил бўладиган кераксиз чиқиндилар бевосита газ ҳисоблагич механизмига келиб тушади. Бу эса, механизмнинг ишдан чиқишига ҳамда табиий газнинг аниқ ўлчанишининг бузилишига, технологик йўқотишларнинг кўпайишига, натижада эгаси аниқланмаган нореал қарздорликнинг ўсиб кетишига олиб келади.
-«Тўрткўлтумангаз» филиалининг абонент бўлимида кўп йиллик фаолиятим давомида фуқаролардан газ босимининг пасайиб кетиши, газ ҳисоблагич ускуналарининг муддатидан олдин ишдан чиқиши ва айниқса қиш мавсумида тез-тез газ ўтказмай қолиш холатлари бўйича кўплаб норозиликларнинг гувоҳи бўлганман,- дейди «SAFETY FILTR» масъулияти чекланган жамияти директори Маъруфжон Ражапбаев. – Бу муаммонинг ечимини топишни олдимга мақсад қилиб қўйдим. Охирида газ ҳисоблагич механизмига филтрловловчи қурилмани ихтиро қилдим. Мазкур қурилмани Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, Россия Федерациясининг «Роспатент» агентлигига юбориб, патент олишга муваффақ бўлдим. Шунингдек, қурилмага «Ўзстандарт» агентлиги томонидан сертификат ҳам берилди.
Шу тариқа «SAFETY FILTR» масъулияти чекланган жамиятига асос солинди. Банкдан дастлаб олинган 80 миллион, сўнгра 300 миллион сўм кредит эвазига Хитой мамлакатидан ускуналар олиб келдик. “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан берилган рухсатнома бўйича Тўрткўл тумани ҳудудида 2,5 минг хонадонга мазкур қурилмани ўрнатиб, синовдан ўтказдик. Натижаси ёмон бўлмади. Буни хонадон эгаларининг ўзлари ҳам тасдиқламоқда.
– 2016 йил август ойида хонадондаги газ ҳисоблагич ишламай қолиб, туман газ таъминоти мутахассисларига мурожаат қилдим,-дейди Тўрткўл тумани маркази Тошкент кўчасида истиқомат қилувчи Хусан Давлетов.-Улар менга табиий газни филтрловчи қурилма ўрнатишимни тавсия этди. Мен рози бўлиб қурилмага буюртма бердим. Мутахассислар шу куннинг ўзида мазкур қурилмани ўрнатиб бериб кетди. Мана шундан буён газ босими аввалгилардан анча яхшиланди, газ ҳисоблагич ҳам тўхтовсиз ишлаб келмоқда. Бу янгидан ихтиро қилинган табиий газни филтрловчи қурилманинг фойдаси деб ҳисоблайман. Буни яқин қариндошларимга, таниш-билишларимга ҳам тавсия этиб келаяпман.
– Ўтган йил декабр ойида мазкур филтрловловчи қурилмани ўрнатганимиздан сўнг уйимизда газ босими яхшиланиб, газ ҳисоблагич ҳам бир маромда ишлайдиган бўлди,- дейди Тўрткўл тумани маркази Диёнат кўчасида истиқомат қилувчи Фарида Юлдашева.-Дарҳиқиқат, ушбу қурилма биринчи навбатда биз уй бекалари учун фойдаси кўп экан.
Масъулияти чекланган жамияти директори Маъруфжон Ражапбаевнинг таъкидлашича, табиий газни филтрловчи қурилма кенг жорий этилса, қуйидаги фойдали ва самарали томонлари мавжуд бўлиб, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Жумладан, газ етказиб берувчи ташкилотларга истеъмолчиларга етказиб бераётган табиий газ хажми газ ҳисоблагич ускуналари орқали тўғри ва аниқ хисоблаб берилишини таъминлайди. Натижада ортиқча табиий йўқотиш коэффициентини қисман камайтириш имконияти яратилади. Тумангаз филиалларига истеъмолчилар томонидан газ ҳисоблагич ускунаси билан боғлиқ бўлган ариза ва мурожаатлар келиб тушиши мазкур фильтрловчи қурилма ўрнатилиши натижасида камайиши ва уларни ҳал қилиш учун жалб қилинадиган мутахассисларнинг иш вақтини йўқотишлари камайтирилади. Натижада тегишли ходимларнинг меҳнат унумдорлигини оширишга эришилади.
Бундан ташқари, истеъмолчиларга газ ҳисоблагич ускунасидан узоқ муддат фойдаланишини таъминлаш орқали ортиқча сарф-ҳаражатларни ва уларнинг унумли иш вақтларини тежашга олиб келади.Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига табиий газдан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги бўйича келиб тушадиган ариза ва шикоятларнинг қисман камайишига олиб келади. «Ўзстандарт» агентлигига давлат қиёслаш кўригидан ўтказилган газ ҳисоблагич ускуналари белгиланган муддатидан олдин ишдан чиқиб қолиш ҳолатларини камайтиради.
Масалан, айтайлик, мамлакатимиз бўйича ўрнатилган 4 миллион донадан ортиқ газ ҳисоблагичнинг технологик йўқотишини кунига тахминан 1 метр кубга камайтирсак, шунинг натижасида эгаси аниқланмаган газ сарфи миқдори бир ой давомида 120 миллион метр кубни, бир йилда эса 1 миллиард 440 миллион метр кубни ташкил этади. Натижада нореал қарздорликни 379 миллиард 296 миллион сўмга камайтирилишига эришилади.
Газ заҳирасидан самарали ва тежамли фойдаланишга қаратилган ушбу ташаббус ҳар томонлома қўллаб-қувватланса, етказилиб берилаётган газ сифати янада яхшиланишига, газ ҳажмининг тўғри ўлчанилишига ҳамда газ ҳисоблагич ускуналарининг яроқлилик муддатини узайтирилишига эришиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, жонкуяр мутахасислар томонидан ихтиро этилган янги ускуна табиий газдан фойдаланувчиларнинг оғирини енгил қилиб, барчамизни бебаҳо бойлигимиздан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишга даъват қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.