Бухоро шаҳридаги олимпия захиралари коллежида кураш бўйича эркаклар ва хотин-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган полвонлар ғолиблик учун гиламга тушди.
Уч кун давом этган мусобақада ўз вазн тоифасида эркаклар ўртасида Тошкент вилоятидан Фарид Амруллаев, бухоролик Маъруф Ғайбуллаев, Қашқадарё вилоятидан Давлат Абраев, Илҳом Жўраев, самарқандлик Сарвар Шомуродов, Сурхондарёдан Шермуҳаммад Жандириев, пойтахтлик Бекмурод Олтибоев олтин медалга сазовор бўлди.
Миллий қадриятимиз ҳисобланган курашимизнинг халқаро нуфузи тобора ошиб бормоқда. У биринчи бор Индонезияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилгани ҳам бежиз эмас. Мусобақада эркаклар 66, 81, 90 ва 90 килограммдан зиёд, аёллар 52, 73 ва 78 килограмм вазнлар тоифаси баҳслашди.
Ўзбекистон чемпионати ғолиблари ва бошқа совринли ўринлар соҳиблари медаллар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.