Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълумки, дунёда озиқ-овқат танқислиги кучайиб бормоқда. Экспортга қўйилаётган чекловлар ва транспорт-логистикадаги узилишлар муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Таҳлилларга кўра, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Мамлакатимизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқатга сарфланади. Шу боис бундай маҳсулотларни кўпайтириб, нарх-навонинг аҳоли рўзғорига таъсирини юмшатиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, йил бошида 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳоли учун ажратилди. Одамларга уруғ, кўчат ва ўғитдан ёрдамлашиш бўйича “Томорқа хизмати” йўлга қўйилди. Томорқаларда маҳсулот етиштириш учун жорий йилнинг ўзида 400 миллиард сўм имтиёзли кредитлар берилди.
Бундай имкониятлар натижасида маҳсулот кўпайиб, нархлар тартибга тушмоқда. Сўнгги бир ойда ички бозорда помидор нархи ўртача 3 бараварга, бодринг 10 фоизга, картошка 30 фоизга, сабзи 15 фоизга арзонлади. Бундан ташқари, 6 ойда 821 минг тонна ёки ўтган йилгига нисбатан 102 минг тонна кўп мева-сабзавот экспорт қилинди.
Яна бир муҳим томони, ушбу ажратилган ерларда 785 минг аҳолининг бандлиги таъминланди.
Йиғилишда туман ва маҳаллалардаги ижобий тажрибалар билан бирга камчиликлар ҳам очиқча муҳокама қилинди.
Жумладан, 80 минг гектар ердан 16 минг гектари аҳолидан узоқ ва суғориш қийин жойда бўлгани сабабли эгасини топмагани айтилди. Шу боис ҳокимларга бундай ерларни аҳоли учун қулай майдонларга алмаштириш топширилди.
Давлатимиз раҳбари аҳоли таклифлари асосида янги имкониятларни белгилаб берди. Йил якунигача яна 20 минг гектар, келгуси йилда 100 минг гектар экин майдони аҳоли учун ажратилиши таъкидланди. Шунда жами 200 минг гектар бўлади.
– Бу жуда катта имконият. Бу орқали қўшимча 1 миллион 200 минг аҳолини банд қилиш учун шароит яратилмоқда. Энг асосийси, агар туман ҳокими, ҳоким ёрдамчиси бу масалага ҳисоб-китоб билан ёндашса, озиқ-овқат ва ишсизлар масаласини бемалол ҳал қилса бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маҳсулот етиштириш ва сотишда аҳолига кўмаклашиш учун маҳаллаларга ҳосилдор уруғ ва кўчат етказиш, кичик ҳажмли музлаткичлар ўрнатиш, иссиқхоналарни кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Бугунги кунда 64 та туманда аҳоли ўз томорқасида 3 марта ҳосил олмоқда. Ҳосил яхши бўлса, битта оила 60-100 миллион сўмгача даромад қилиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари бундай ишларни бошқа туманларда ҳам рағбатлантириш кераклигини таъкидлади.
Хусусан, сув таъминоти оғир маҳаллаларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидия миқдори 150 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилади.
Қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилади. Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади.
Хўжаликларга халал бераётган яна бир муаммо шундаки, юртимизда 2 миллион 600 мингта хонадоннинг кадастр ҳужжатлари йўқ. Уларнинг эгалари томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уйини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига кўплаб мурожаатлар тушмоқда.
Қолаверса, кадастри бўлмагани учун ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда.
Адлия вазирлигига кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди. Янги қонун қабул қилингунига қадар, бу уйларга уч карра оширилган солиқ қўллаш тўхтатиб турилади.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Ҳокимликларга июль ойи якунигача 820 минг гектар майдонда такрорий экинларни жойлаштириб, 11 миллион тонна маҳсулот етиштириш, келгуси йилгача етарли захира яратиш вазифаси қўйилди.
Маълумки, бу йилдан ғаллани етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш бўйича янги тизим йўлга қўйилди. Фермерларга жозибадор нархлар таклиф этилгани ўз натижасини берди. Июлда биржага 88 минг тонна буғдой чиқарилгани ҳисобига, 1 тонна буғдойнинг ўртача нархи 30 фоизга арзонлашди.
Давлат ресурсига 1 миллион 842 минг тонна дон харид қилинди. Фермер ва кластерлар томонидан дон корхоналарига 574 минг тонна ғалла сақлаш учун қўйилди.
Мутасаддиларга бу ғаллани биржага мунтазам чиқариб бориш ҳамда 1 октябргача фермер ва кластерлар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президентимиз давлат идораларининг самарадорлиги ва ижро масъулиятини ошириш ҳақида гапирди.
– Самарқанд вилоятидаги ўрганишлар кўп камчиликларимизни кўрсатди. Олдимизда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар турибди. Ҳамма ўзгариши, иш услубини ҳам ўзгартириши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва ҳокимликлар ўз тузилмаси ва иш услубларини ўзгартириши зарурлиги таъкидланди. Адлия вазирлигига қонунчиликни ихчамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайликларни ошириш бўйича кўрсатма берилди.
Ҳисоб палатасига маблағлар сарфи, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, ҳокимлар, маҳалла раислари ахборот берди.