Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида буғдой етиштириш бўйича ўзига хос тажриба мактабига эга ғаллакорлар кўп.
Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, биргина Дўрман овули ҳудудидаги 20 та фермер хўжалигининг 366 гектар буғдойзорида жорий йилда мўл ҳосил етиштирилди. Ҳудуд фермер хўжаликларининг умумий ғалла хирмони 914 тоннадан ошиб кетди.
Ҳосилдорлик эса кутилганидан ҳам юқори бўлди. Яъни, гектарига 70 центнерни ташкил этмоқда. Ҳудудда илғор ғаллакорлар талайгина. Хусусан, Тўрабой Пирназаров раҳбарлигидаги фермер хўжалигида жорий йил ҳосили учун 20 гектар ерга буғдойнинг туман иқлими шароитига мос навларидан экилди.
Буғдойзорларда куз-қишки агротехник тадбирлар сифатли амалга оширилиб, мўл ҳосил етиштирилди. Хўжалик ғаллакорлари ҳосилдорликни 70 центнерга, умумий қирмизи дон хирмонини эса 140 тоннага етказишди. Айни пайтда фермер хўжалиги далаларида ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда.
Тумандаги “Бекман Аллаберганов” фермер хўжалиги ғаллакорлари ҳам жорий йилда шартномавий режадаги 85 тонна ўрнига 86 тонна топшириб, ҳосилдорликни ҳар гектар ҳисобига 70 центнерга етказди. Мазкур фермер хўжалигидаги мавжуд 34 гектар ғаллазорда айни пайтда ҳосил ўрим-йиғим ишлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
Меҳнат қилганнинг ризқи зиёда, насибаси улуғ бўлади, дейдилар. “Бекман Аллаберганов” фермер хўжалиги ишчилари 34 гектар ердаги буғдойзорда барча мавсумий юмушларни бекам-у кўст адо этиб, аввало, гектарларда тўлиқ ниҳол олишга эришди.
Ўз вақтида амалга оширилган куз-қишки ва баҳорги агротехник тадбирлар натижасида далаларда мўл ҳосил тўпланди. Етиштирилган ғалла ҳосилидан 300 миллион сўмлик даромад олишни мўлжаллаётган фермер хўжалиги ғаллакорлари учун шундан нақд 100 миллион сўми соф даромаддир. Қолаверса, шартномавий режадан ташқари етиштирилган ҳосилнинг фермер хўжалиги тасарруфида қолиши хўжалик ишчиларининг моддий манфаатдорлиги ва иқтисодий фаровонлигини янада ошириш имконини беради.
Айни кунларда амударёлик ғаллакорлар етиштирилган қирмизи дон маҳсулотини нобут қилмай, давлат омборларига топшириш, ҳосилнинг сўнгги мисқолигача йиғиштириб олиш ишларини уюшқоқлик билан олиб бормоқда.
ЎзА