Мамлакат чегаралари миллат маънавиятидан бошланади

Сиз нима дейсиз?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда давлат ва хусусий телеканаллар орқали намойиш этилаётган хориж, хусусан турк сериаллари қизғин муҳокама қилинмоқда. Уларнинг миллий менталитетимизга зидлиги, маънавиятимизга, оилавий қадриятларимизга, фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани кескин қораланмоқда. 

“Facebook” ўзбек сигменти фойдаланувчилари

Зиёвуддин Раҳим: 

— Шаҳватпарастликка мойил қилувчи, оилалар тинчлигини бузадиган, имонга, одоб-ахлоққа раҳна соладиган” бундай сериалларни намойиш қилишни миллатга нисбатан хиёнат деб баҳолайди. Унинг бу фикрлари тармоқда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. 
Хато қилган бўлсам, айбимни тан олиб, узр сўраш менга қийин эмас. Бироқ, сериаллар борасида ўзимни ҳақ деб биламан.  

Тўғри, азбаройи миллат маънавиятини оёқ ости қилаётган, ёшларни бузаётган, жамиятимиз тинчлигига зимдан таҳдид солаётган сериалларни ёмон кўрганимдан ибораларни кескин ифодалаганим рост. Бунга иқрорман. Лекин, биз масаланинг моҳиятига қарайлик, азизлар! 

Зариф Султоний:

Бу сериалларни бизга хорижликлар тиқиштираётгани йўқ! Ўзимиздан чиққан баъзи «маданият» тужжорлари билиб туриб, қастдан шундай сарқитларни халқимизга едирмоқчи бўлишяпти. Бундан кўзланган иккита мақсадлари бор: биринчидан, каналларининг рейтингини ошириб, чўнтакларини қаппайтириш, иккинчидан, шусиз ҳам маънавий инқирозга юз тутган ва узоқ йиллар мудроқ босиб ётган миллатимизни алла айтиб яна ухлатиш.

Шахноза Таджибаева:

— Қозонда бори чўмичга чиқади. Серилаллар аёлларнинг, ёшларнинг тарбиясига, онгига салбий таъсир қилаётган бўлса, унда уларнинг елкасидаги калла эмас, бўмбўш ошқовоқ эканда. Оиламизда сериаллар умуман кўрилмайди. Қаршилигимдан эмас, бунга вақт йўқлигидан кўрилмайди.

Телевизорда берилаётган кўрсатув сизга ёқмайдими, кўрманг. Дардмандлар бор ўша кинолар билан чалғийди. Ишдан келганда бир оз кино кўрса, кўрибди. Ҳолид Ҳусайнинг » Минг қуёш шуъласи» романида толибонлар телвизорни “шайтон уяси” деб пачоқлаб, кўрганларни дарралаб уришади. Нима биз ҳам шундай йўл тутишимиз керакми?

Қаршимисиз – кўрманг. Болаларингизга ҳам кўрсатманг. Бозорга борсангиз сотувчи олинг деб мажбурлаган нарсани эмас, ўзизга кераклисини оласизку. Телвидиние ҳам ҳудди бозорга ўхшайди. Танлаш имконияти бор! Нимани танлаш ўзингизга, дидингизга боғлиқ.

Ўйлаб қарасам, нафақат турк киноси (сериаллари), балки турк адабиётини ҳам яхши билмас эканман. Билганим Юнус Эмронинг икки-учта шеъри, Азиз Несиннинг беш-олтита ҳажвияси, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари” ва “Ўгай она” романлари – шу. Ҳа, Аҳмад Унал Чамнинг кичик ҳикояларини ҳам ўқиганман. Бироқ туркларнинг катта адабиёти, катта ёзувчилари бор. Нобел мукофоти соҳиби Ўрхон Помук улардан бири. Унинг “Қора китоб”, “Қор”, “Истамбул – хотиралар шаҳри” сингари асарлари ҳақида эшитганман. Аммо ўқимаганман. Чунки унинг бирорта ҳам китоби ўзбек тилига таржима қилинмаган. Шундай ёзувчини билмасам, танимасам уят бўлар, деган хаёлда Санкт-Петербургнинг “Азбука” нашриётида чоп этилган “Музей невинности” (“Masumiyet muzesi”) китобини сотиб одим.
Китобда 1975 йилдаги Истанбул шаҳри ҳаёти қаламга олинган. Воқеалар асарнинг бош қаҳрамони, ўттиз ёшли Камолбей тилидан ҳикоя қилинади. Камол тез кунда Сибел исмли гўзал қизга уйланиши керак. Унинг ўзи айтганидек, “Истамбул аслзодалари уларни ажойиб жуфтлик”, деб ҳисоблайди. Аммо у “Шанзелизе” дўконида сотувчи бўлиб ишлайдиган “яқиндагина ўн саккиз ёшга тўлган, узоқ қариндоши” Фусунни ёқтириб қолади. Фусун илк учрашувдаёқ ўз иффатини Камолга туҳфа қилади.
Ёзувчи ўз қаҳрамонлари тимсолида замонавий қизларнинг иффат бобидаги қарашларини таҳлил қилади. Никоҳсиз, тўйсиз севган инсонига иффатини бахшида этган қизларнинг бу қарорини жасорат деб баҳолайди.
Ўқувчи европаликларга кўр-кўрона тақлид қилиб яшайдиган Истамбул аслзодалари, ёшларининг ҳаётини кузатар экан, фаҳш, хиёнат, мол-дунёга ўчлик, ичкиликбозлик уларнинг кундалик ҳаётига айланиб, имон-эътиқод масалалари юзакилашиб қолганига гувоҳ бўлади.
Бугун ижтимоий тармоқларда кескин қораланаётган турк сериалларидаги маънавий бўшлиқнинг илдизи шу каби асарларда эмасмикан, деб ўйланиб қолдим.
“Мен сени севаман, Мария Лопес!”
Ижтимоий сўровларга кўра, 70 фоиздан зиёдроқ аҳолимиз телесериалларни кўрар экан. Томошабинлар аудиториясининг асосий қисми хотин-қизлар, қариялар ва уй бекаларидан иборат. Хўш, қолган 30 фоиз аҳоличи, дейлик эркаклар, ёшлар? Улар ҳам кўришади. Бироқ буни тан олмасликка ҳаракат қилишади. Масалан, “Қашқирлар макони”, “Муҳташам юз йил”, “Кўсем”, “Ичкарида” телесериаллари ихлосмандларининг катта қисмини эркаклар ташкил этади ва улар орасида зиёлилар ҳам анчагина.
Психологлар телесериалларга муккасидан кетиш сабабини одамларнинг шахсий муаммолардан чалғиш, руҳий таскин олиш, ҳаётга муҳаббат ҳиссини кучайтириш истаги билан асослайдилар.
Сериаллар бизнинг телеэкранларимизда 1988-1990 йилларда пайдо бўлган эди. “Изаура”, “Оддий Мария”, “Бойлар ҳам йиғлайди” сингари Бразилия ва Мексика сериаллари томошабинлар қалбини бутунлай забт этган, улар ҳаётининг муҳим бир бўлагига айланган эди ўшанда.
Телесериалларни ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринда турадиган Бразилия олимларининг таъкидлашича, сериаллар демографик вазиятнинг ёмонлашувига, оилавий ажралишлар сонининг кўпайишига сабаб бўлиши мумкин экан. Масалан, оммалашган қайсидир телесериал қаҳрамони ўз эри билан ажрашса, аҳоли ўртасида ҳам ажрашишлар сони кўпаяр экан.
Олимлар телесериаллар орқали аҳолини тарбиялаш, жамиятни ичкиликбозлик, фаҳш, наркомания, хиёнат сингари иллатлардан тозалаш мумкин, деб ҳисоблайди. Маълумотларга кўра, “Оддий Мария” телесериали юздан зиёд мамлакатда трансляция қилинган. Фильм бош қаҳрамони тикишни ўрганиб, ўз бизнесини йўлга қўйгач, тикиш машинкалари сотиб олган, тикувчилик курсларига қатнаган, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аёллар сони дунё миқёсида кескин ошган экан.
Бу фикрларда жон борлиги рост. Чунки ўша пайтлари ажабтовур бир шоир акамиз ҳам “Мен сени севаман, Мария Лопес!” дея ҳайқириб шеър ёзган, бу шеър матбуотда эълон қилинган эди.
Хуллас, юқорида айтганимдек, телесериаллар атрофида қўзғалган баҳс-мунозаралар кундан-кунга кескинлашмоқда. Шуни инобатга олиб, бир гуруҳ зиёлиларимиз, айнан маънавият соҳасига дахилдор бўлган мутахассислар, психологлар ва бевосита телеканаллар мутасаддиларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Сохта “санъат”нинг асирига айланмайлик
Жаббор Эшонқул, адабиётшунос: 
– Глобал жамиятда оломон маданиятини тарғиб қилишнинг энг мақбул йўли санъат бўлиб қолмоқда. Сохта “санъат”га бугун майл кўрсатсак, эртага маҳлиё бўла бошлаймиз, кейин эса унинг асрига айланамиз.
Биз қанча китобхонлик ҳақида, улуғ аждодларимизнинг илмий, адабий мероси ҳақида гапирмайлик, миллионлаб томошабинларга очиқдан очиқ фаҳшни, хинёнатни, зулм ва зўравонликни тарғиб этиш имкониятлари мавжуд экан, бизнинг сайи ҳаракатларимиз ҳеч қандай самара бермайди.
Мамлакат чегаралари қандай муҳофазага муҳтож бўлса, миллатнинг эстетик диди, савияси, маънавият ҳудудлари ҳам худди шундай муҳофазага муҳтождир. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакат чегаралари миллатнинг онгу тафаккури, маънавиятидан бошланади. Чегарани бузганларга қандай қонуний жазо кўрилса, миллатнинг диди, савияси, маънавиятига талофат етказувчиларга ундан оғирроқ жазо белгиланиши шарт.
Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи: 
– Ўтган асрнинг 90-йилларидан кейин телесериаллар дунё бўйлаб урф бўла бошлади. Эслайман, менинг ўзим ҳам бир неча Мексика сериалларини кетини узмай кўргандим. Лекин улғая бориб, бундай сериалларнинг инсонга фойдасидан кўра кўпроқ зарари борлигини фаҳмлай бошладим.Бу нарса нималарда кўринди? Назаримда, аввало, сериаллардаги воқеаларнинг чучмаллиги ва ҳаддан ташқари чўзилиб кетганлиги оқибатида улардан олинадиган бадиий-эстетик завққа путур етганида. 
Кейинроқ сериаллар ҳақида бир қанча жаҳон режиссёрларининг фикрларини ўқиб қолдим: уларнинг эътироф этишича, сериаллар телетомошабинни банд қилиш учун ишлаб чиқилар экан. Товар сифатида. Ўйлай-ўйлай, ахийри, шундай хулосаларга кела бошладим: тўғри-да, жаҳон миқёсида олганда ҳам яшаш шароити тобора яхшиланиб, одам дегани кўпайиб боряпти. Аслида, яшаш шароитининг яхшиланиши, медицина хизматининг йўлга қўйилиши натижасида ўртача умр кўриш даражаси ўсди, ўлим камайди, туғилиш эса ортди. Ҳозирда ер шарида қарийб 7.5 миллиард аҳоли истиқомат қилмоқда. Бошқа томондан урбанизация даражаси кўтарилиб боряпти. Аҳолининг катта бир қисми эса нафақада – уйда, яна бир қисми ишсиз – уйда, яна бир қисми сменадан келган – уйда, яна бир қисми касал – уйда, яна бир қисми эса болалар – уйда… Тап-тайёр аудитория дегани бу! Демак, уйдаги одамларнинг бўш вақтлари бор, уларни нима биландир банд қилиш керак. Натижада кимларнингдир ғоялари билан сценаристу режиссёрлар енг шимариб ишга киришиб кетади: 100, 200, 300, 400 ва ҳатто 500 қисмли сериаллар ишлаб чиқарилиб, истеъмолга тақдим қилинади. Бу ёқда оч томошабинлар армияси ҳам уларни ямламай ютади. Ютмаса бўлмайдими? Йўқ! Сабаби – томошабиннинг ҳаёт тарзи, савияси шу сериалларни қабул қиладиган даражада. Бу ҳақда ҳам ўйланган.
Бу билан мен ҳамма сериаллар бирдек сифатсиз демоқчи эмасман. Асло! Яхшилари бор. Ҳамиша яхши сериаллар ишласа бўлади. Фақат бунинг учун шу ишга бош-қош бўлаётганларнинг профессионаллик савияларидан ташқари, одамлар ҳаётини яхши билиши, катта билимга эга бўлиши ва албатта, у эзгу ниятли бўлиши керак. Бундай сериаллар томошабинни аввалги ҳолидан озгина бўлсин яхшироқ бўлишга ундаши, ёшларни эса чинакам инсон ўлароқ шаклланишида кўмаклашиши лозим.
Мақсуд Жонихонов, журналист: 
– Хориж, айниқса, замонавий турк сериалларидаги тасвирларни кўриб, одам уялиб кетади баъзан. Масалан, “Севги изтироби”нинг бир-икки қисмини кузатиб, ҳайратда қолдим. Қиз ака-укаси, ота-она даврасида бемалол очиқ-сочиқ ўтиради. Ҳаётидаги муаммоларини икир-чикиригача айтади. 
Оилага хиёнат – бу сериалнинг асосий мавзуси. Фильм қаҳрамони эри бўла туриб, бемалол унинг кўз олдида бошқа билан хилватларда юриши, кўнглига сиққанини амалга ошириши, бир ишнинг тайини йўқ, аммо ҳашамат ичида яшаши бизнинг ёшларимизга қандай таъсир қилаяпти экан? Шундан бўлса керак, бугун мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ўртасида қиз талашишлар ортидан пичоқлашишлар келиб чиқмоқда, бир кишини гуруҳ-гуруҳ бўлиб дўппослаш авж олаяпти. 
Экранга олиб чиқилаётган ҳар битта тасвирда тарбия ва ибрат бўлмас экан, у бузғунчиликка хизмат қилаверади.
 
Мана шу сериалларнинг ўрнига бир пайтлар ўзимизда ишланган “Гирдоб”, “Ичкуёв”, “Абадият қонуни” каби машҳур видеофильмларни берса бўлмасмикан, деб ўйлаб қоламан.
Муҳайё Йўлдошева, филолог: 
– Сериаллар мунтазам, бир неча ой давомида бир вақтда қўйиб борилгани учун инсонни бошқара олиш, ўзига эргаштириш, дунёқарашни ўзгартириш имконига эга. Ҳар бир сериал телевидение ходимлари томонидан жуда эҳтиёт бўлиб, минг чиғириқдан ўтказилиб танланиши шарт! 
 
Афсуски, яқин ўн йилдан бери бу олтин қоида унутилди. Телеканалларимизни Лотин Америкаси, Жанубий Корей, Ҳиндистон, Покистон, Туркия сериаллари эгаллаб олди. 
 
Мен турк сериалларига тўхталмоқчиман. Нега? Чунки бу миллат бизга ҳам тили, ҳам дини жиҳатдан яқин – қардош ҳисобланади. Биз Бразилия ёки Мексика сериалларидаги удумларга эргашмаймиз. Аммо илдизимиз бир бўлган турклар ишлаган сериаллар ҳақида бундай енгил гапира олмайман. “Зерда”, “Келин”, “Ишкомли уй”, “Хиноли қор”, “Осиё”, “Истанбуллик келин”, “Севги изтироби”… Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Афсуски, мана шу сериаллар севги деб ота-онаси юзига оёқ босадиган қизлар авлодини, бу йўлда ориданда кечадиган йигитлар сафини шакллантириб бўлди. Сериаллар нимага ўргатяпти – севдингми, севгинг учун ҳар қандай усул билан бўлмасин кураш, бу мумкин, бу уят, номус, зино эмас, демоқда!
Инсонлар сериал кўришдан бўшаган пайтларида яшамоқда
Ҳулкар Абдуллаева, Республика Маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси:
– “Кара севда” (Севги изтироби) асл моҳиятан икки кишининг бир бирига бўлган самимий ва юксак туйғуларини ифодалашга қаратилгандай… Аммо фильмда севги учун кураш ниқоби остида хиёнат турли хил кўринишда намоён бўлади. Ака укага, сингил акага, эр хотинга, хотин эрга, ота-оналарнинг фарзандларига хиёнати.. . Бу ҳар қандай миллатнинг, ҳар қандай диннинг таназзули эмасми? Айнан шу фильмни ҳар куни оз оздан битта ғояни сингдириб бориши фарзандлар тарбиясини бузмаслигига кафолат борми? Йўқ. Аммо ҳақиқат шундаки, биз бу сериални берилиб томоша қиляпмиз.
Сериалларни сотиб олаётган мутасаддилар аввал уларни кўриб, мазмунини баҳолаб, савиясини текшириб кейин шартнома тузмайдими? 
 
Зебинисо Аҳмедова, психолог: 
– Авваллари бўш вақт бўлсагина телевизор кўриларди. Ҳозир эса эрталабдан то кечгача телевизор ўчмайдиган оилалар бор! Сериаллар яратилганидан бери инсонлар сериалдан қолган бўш вақтларида яшай бошладилар.
 
Телевизорни кўп томоша қилиш миянинг фикрлаш қобилияти йўқолишига сабаб бўлади. Керак ва кераксиз ахборотларни таҳлил қилмасдан қабул қилавериш инсонни онгсиз “ўсимлик”ка айлантиради. Эҳтимол, шу сабаб, узоқ вақт телевизор кўргандан кейин чарчоқ, кучсизлик ҳис қилинади.
 
Сизга керак ва керак бўлмаган ахборотларни ҳазм қилар экансиз, миянгиз ўз фикрларингизни эмас, ўша ахборотларни таҳлил қилади. Бундан кўра, ўз ҳаётингиз таҳлили муҳимроқ эмасми?
Кимга отилган тош кимга тегяпти?
Абдулхай Отахўжаев, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Кинотеатр” телеканали бош муҳаррири: 
Сўнгги йилларда ишланаётган турк сериаллари туркиялик томошабинларнинг ўзларини ҳам қониқтирмаяпти. Кино – ижод маҳсули. Унда бўрттириб, ошириб кўрсатиш ҳолатлари бўлиши табиий. Туркия Европага яқин давлат. Табиийки, бу сериалларда ҳам сезилади. Аммо Туркияда яшаётган одамларнинг ҳаёти кинодагидек эмас. 
 
Инсон кино кўрганида ўша мамлакат ҳақида унда тасаввур пайдо бўлади. Ранг-баранг сериалларни намойиш этиш яхши албатта. Чунки уларни кўриб, яшаш тарзимизда, маданиятимиз, маънавиятимизда фарқ борлигини ҳис қиламиз. 
Айни кунларда бизнинг каналимиз орқали “Жасур ва Гўзал” сериалини намойиш қилиш бошланди. Иложи борича ихчамлаштириб, ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилмайдиган жиҳатларини беришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо баъзида хусусий каналларга отилаётган тош бизларга ҳам келиб тегаётгани одамни ранжитади.
Наврўза Бийназарова, “ZO`R-TV” телеканали бош муҳаррири: 
– Айни кунларда бизни телеканалимиз орқали “Севги изтироби” номли турк сериали намойиш этилмоқда. Ушбу сериал сюжети жуда ҳам қизиқ бўлганлиги боис томошабинлар меҳрини қозонди. Сериал бизгача Россия, Қозоғистон сингари мамлакатларда намойиш этилган, тўлиқ варианти интернет тармоғига ҳам жойлаштирилган. 
Бу фильмни “Ромео ва Жулетта”га ўхшаш томонлари бор. Яъни, икки ёшнинг севгисини деб, иккита оиладаги инсонлар тақдири вайрон бўлади. Тўғри, севги ёқимли туйғу, ҳар бир инсон севган кишисига етишишни истайди. Бу сериални намойиш этишдан мақсадимиз, мухлисларга ҳаётда севгидан ҳам кучли туйғулар, қадриятлар борлигини англатишдан иборат.
Мана, фикр-мулоҳазаларни ўқидингиз. Бу ҳақда сизнинг ҳам ўз хулосаларингиз борлиги аниқ. Хўш, сиз нима дейсиз?

 

Воҳид Луқмон, ЎзА