Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича юқори малакали ҳамда замонавий билим ва технологияларни ўзлаштирган тренер, ҳакам, селекционер ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги “Спорт таълими тизимини тубдан такомиллаштириш орқали олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчилар захирасини шакллантириш сифатини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5279-сон қарорига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
профессионал таълим тизимини тамомлаган битирувчилар учун ўқиш давомийлиги уч йил ҳисобланадиган давлат олий таълим муассасаси шаклидаги ихтисослаштирилган Олий спорт маҳорати институти (кейинги ўринларда – Институт) ташкил қилинганлиги;
Институтга олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзоси бўлган ёшларни уларнинг спорт натижаларига қараб ҳамда селекция бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
таълимнинг замонавий инновацион технологияларини жорий қилган ҳолда ва илғор хорижий тажрибани инобатга олиб жисмоний тарбия
ва спорт соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, жумладан, Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ҳамда Ўзбекистон спорт устаси, шунингдек, Ўзбекистон спорт усталигига номзод спортчиларни тайёрлаш;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқув машғулотларининг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
талабаларнинг касбий мойиллиги, маҳорати ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш;
талабаларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш, бу борада спорт захираси ва миллий терма жамоалар таркибини шакллантиришда иштирок этиш;
спорт соҳасига йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш;
таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
истиқболли битирувчи спортчиларни чет эл спорт ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқишга юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш;
замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш.
3. Белгилансинки:
Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади;
Институтга талабаларни қабул қилиш Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчиларининг спорт натижалари (қоида тариқасида аъло ва яхши баҳоларга эга бўлган иқтидорли ўқувчи-спортчилар орасидан) асосида амалга оширилади;
Институтга талабаларни қабул қилиш шаффоф ва очиқ танлов асосида ўтказилади;
Институтга талабаларни қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади;
Институтга талабаларни қабул қилиш параметрлари давлат буюртмаси сифатида ҳар бир спорт турининг хусусиятидан (вазн тоифаси, спортчилар сони, шу жумладан, спортчи-аёллар сони, жамоавий спорт турлари бўйича тегишли спорт турида иштирок этадиган спортчилар сони ва бошқалар) келиб чиқиб, ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) махсус спорт тизимини бошқариш платформасида шаклланган Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчиларининг спорт натижалари асосида шакллантирилади;
Институт битирувчиларига танланган спорт тури бўйича “тренер”, “ҳакам”, “селекционер” ва бошқа мутахассисликлар берилади;
Институт битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади;
Институт талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади;
Институт талабаларини яшаш учун жиҳозлар, суткалик озиқ-овқат нормаси билан таъминлашда Олимпия ва Паралимпия коллежларининг нормативлари татбиқ этилади;
Институт Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига киради.
4. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин:
Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолияти бўйича ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
таълим жараёнининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўқув режалари ва ўқув дастурларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш;
профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек, тренерлар ва педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини, “устоз-шогирд” анъаналари жорий қилинишини рағбатлантириб бориш.
6. Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) 2023/2024 ўқув йилига қадар:
Институт уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин;
Институт тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқласин;
Институтнинг бўлимлари, факультетлари ва кафедралари шакллантирилишини, унинг таълим тизими ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида замонавий билимларга, шунингдек, амалий иш тажрибасига эга юқори малакали мутахассислар, жумладан, хорижий мутахассислар билан тўлдирилишини, ўқитувчилар, тренерлар ва мутахассисларнинг профессионал кўникмалари ва билим даражаларини узлуксиз ошириш учун шарт-шароитлар яратилишини таъминласин;
зарур ўқув режалари ва ўқув дастурлари, ўқув-методик материаллар ва қўлланмалар ишлаб чиқилишини таъминласин;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Олимпия ва Паралимпия коллежларида тайёрланадиган касблар (мутахассисликлар)нинг малака талаби ва ўқув режаларини профессионал стандартлар асосида такомиллаштирсин.
8. Спортни ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда:
Институт талабаларининг спорт тайёргарлик машғулотларини юқори даражада ташкил этиш мақсадида спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар бош тренерларини Институтнинг ўқув-машқ жараёнларига жалб қилиш;
Институт талабаларини спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига мувофиқ йил давомида узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларига жалб этиш ҳамда халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.
9. Институт тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган:
Ахборот-ресурс маркази;
Тиббиёт бўлими ташкил қилинсин.
Спортни ривожлантириш вазирлиги:
а) 2023/2024 ўқув йилига қадар Ахборот-ресурс марказининг маҳаллий ҳамда хорижий ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмалари билан тўлдирилишини таъминласин;
б) Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда:
2023/2024 ўқув йилига қадар Институтнинг тиббиёт бўлимини малакали мутахассислар билан тўлдирсин;
Институтнинг мусобақаларга тайёргарлик ва мусобақалар даврида катта жисмоний юклама остида ҳаракат қиладиган спортчи-талабаларини тезкорлик билан тиклаб олиш учун фармакологик кўмак бериш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар йили декабрь ойига қадар зарур дори воситалари билан таъминлаш бўйича Молия вазирлигига асослантирилган ҳисоб-китобларни тақдим этсин.
10. Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Институтни Самарқанд шаҳри, Ибн Сино кўчаси, 17а-уй манзили бўйича жойлаштириш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
11. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Институт фаолиятини сақлаш билан боғлиқ зарур маблағларнинг 2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.
12. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И. Икрамов, спортни ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси А.К. Каримов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 6 июнь